Ўзбекистоннинг 3 та шаҳрига болалар ва ёшларга оид лойиҳалар амалга оширилиши учун 30 минг АҚШ доллари берилди
3 мингта шаҳар, 30 миллион нафар болалар ва ёшлар. Бу рақамлар ЮНИCЕФ болалар жамғармасининг глобал ташаббуси амалга оширилган ҳудудлар ҳамда унга қамраб олинганлар сонидир. Илк бор 1996 йилда илгари сурилган ушбу «Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳар» ташаббусига 2021 йилда Ўзбекистон ҳам расман қўшилган...
Ташаббус Ўзбекистонда «Болалар ва ёшлар учун маҳаллий бошқарув» номи билан «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ёшлар ишлари агентлиги томонидан Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг молиявий кўмагида амалга оширилмоқда. Унга 6 та ҳудуд – Асака (Андижон вилояти), Қўқон (Фарғона вилояти), Термиз (Сурхондарё вилояти), Зарафшон (Навоий вилояти), Янгибозор (Хоразм вилояти) ва Бўстон (Элликқалъа тумани Қорақалпоғистон Республикаси) шаҳарлари танлаб олинган.
2022 йил давомида ҳамкор ташкилотлар томонидан маҳаллий ҳокимлик органларига болалар ва ёшларнинг шароитини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда қарорлар қабил қилиш жараёнига ёшларни жалб қилиш бўйича услубий ва техник ёрдам кўрсатилди. Жумладан, халқаро экспертлар маҳаллий ҳокимлик вакилларига натижага йўналтирилган режалар тузиш кўникмаларини ўргатишди. Шунингдек, «Ёш маслаҳатчилар» кенгашлари тузилиб, 10 мингга яқин болалар ва ёшлар онлайн ва оффлайн тарзда маслаҳатлашувлар орқали ҳокимликларнинг иш режаларини тузиш жараёнига жалб этилди. Бу жараёнда «Ҳоким ва ёшлар» учрашувлари муҳим ўрин тутди, унда раҳбарлар ва ёшлар ўз шаҳридаги болалар ва ёшлар билан боғлиқ ижтимоий масалаларни муҳокама қилиш имконига эга бўлишди.
Жорий йилнинг 21 февраль куни Тошкент шаҳрида ҳар бир номзод шаҳарнинг 2023 йилга мўлжалланган ёшларга оид Ҳаракатлар режаси тақдимот қилинди. Ҳокимлар «Ёш маслаҳатчилар» кенгаши вакиллари билан биргаликда ўз иш режалари, айнан болалар ва ёшларнинг таклифлари билан таништирди.
Шундан сўнг, Ҳаракатлар режаси тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Мувофиқлаштириш кенгаши томонидан баҳоланди ва 3 та шаҳар ғолиб, деб топилди: Бўстон, Янгибозор ва Қўқон. Ғолиб шаҳарларга ўз ҳудудидаги болалар ва ёшларнинг фаровонлигини яхшилаш бўйича тадбирларни амалга ошириши учун 30 минг АҚШ доллари миқдорида қўшимча маблағ тақдим этилди. Зарафшон, Термиз ва Асака шаҳарлари эса рағбатлантирилди.
2023 йил давомида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, Ёшлар ишлари агентлиги ва ЮНИCЭФ вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ мониторинг олиб боради. Йил охирида чора-тадбирлар режаларини муваффақияти амалга оширган шаҳарларга «Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳар» мақоми берилади. Бундан ташқари, болалар ва ёшлар манфаатларини кўзлаб, маҳаллий бошқарувни ҳамда дастурларни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.
Болалар ва ёшлар учун маҳаллий бошқарувни ташкил этиш узлуксиз жараёндир. Кейинги босқичда шаҳарлар Ҳаракатлар режаси бўйича танланган соҳаларда, объектларда фаолиятини кучайтириши ва янги натижаларга эришиши даркор. Ташаббус унда иштирок этган ҳар бир шаҳарни ўз ҳудудидаги болалари ва ёшларига ғамхўрлик қилишда давом этишига, эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмасликка, энг ёш фуқароларининг ҳуқуқлари ва эҳтиёжларини қондиришга кўпроқ эътибор беришга ундайди.
Тадбирда Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Ҳамкорлик бўлими бошлиғи Рахел Бёш, ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаевлар сўзга чиқиб, Ташаббуснинг аҳамиятига тўхталиб ўтишди. Барча болалар ўзларини хавфсиз ҳис қиладиган, бирламчи хизматлардан, тоза ҳаво ва сувдан фойдаланишлари, хордиқ чиқариши, ўрганиши ва ўсиши мумкин бўлган, уларнинг ташаббуслари эътиборга олинадиган ва қулай муҳитда ўсиш ҳуқуқига эгалигини, ушбу Ташаббус мақсади ҳам шаҳарлар ва ҳудудларда ҳар бир бола учун юқоридаги ҳуқуқларни рўёбга чиқариш эканлигини таъкидлашди.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати