Ўзбекистоннинг энг оммабоп 15 та интернет-нашри: матнлар камроқ ўқиляпти, кўпроқ видео томоша қилиняпти
Мобиллик, интерактивлик, серқирралилик, кўп функционаллик ва умуман мультимедиа журналистикаси босқичма-босқич уйғунлашиб, замонавий медианинг асосий мезонига айланиб бормоқда. Оммавий ахборот воситаларида анъанавий матнлар ўрнини ўзида ҳам матн, ҳам аудио, ҳам видео форматларни, онлайн интерактивликни мужассамлаштирган материаллар эгаллаб бормоқда. Ўзбекистон медиасида аудиторияга хабар етказишнинг янги каналларидан тобора фаол фойдаланилмоқда.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати мутахассислари Ўзбекистоннинг интернет ОАВларини таҳлил қилиб, аудиториянинг катта қисмига таъсир кўрсатувчи ва жамоатчилик фикрини шакллантирувчи энг оммабоп нашрларни аниқлади.
Интернет-нашрлари орасида Kun.uz етакчилик қилмоқда. SimilarWeb маълумотларига кўра, ўтган ойда сайтга 7,4 млн киши кирган. Бироқ бу 2020 йилга нисбатан 2 бараварга кам. Сайтнинг Telegram каналидаги обуначилари сони 15 фоизга камайган. Шу билан бирга, Facebook, Instagram ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари ва YouTube каналида аудиториянинг камида 1,5 бараварга ўсиши кузатилмоқда.
Daryo.uz интернет-нашри сайтига кирувчилар ва тармоқлардаги бошқа саҳифаларини кузатувчилар, шу жумладан Telegram каналдаги обуначилар сони 2020 йилга нисбатан 2 бараварга камайган.
Qalampir.uz интернет-нашри 2020 йилдан буён медиа маконидаги ўрнини мустаҳкамлаб олди: сайтга кирувчилар, Telegram каналдаги обуначилар сони 4 бараварга, Facebook ва Instagram’даги саҳифаларда эса деярли 2 бараварга кўпайган.
Интернет ОАВнинг рус тилидаги сегментида Gazeta.uz (ушбу нашр ўзбек тилидаги контентни ҳам фаол ривожлантирмоқда) ва Podrobno.uz энг оммабоп. Gazeta.uz сайтига ҳар ой 4,7 млн киши кирмоқда (2020 йилда 3,2 млн эди), Podrobno.uz сайтига эса 1,5 млн киши кирмоқда (2020 йилда 1,7 млн эди).
Нисбатан қисқа вақт ичида ўз аудиториясига эга бўлишга улгурган бир нечта янги нашрларни ҳам таъкидлаш ўринли. Булар: Nova24.uz, Azon.uz, Rost24.uz.
Шунингдек, босма нашрлар ҳам фаолиятини трансформация қилиб, контентини “рақамли” шаклга мослаштираётгани кузатилмоқда. Масалан, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталарининг веб-сайтига (yuz.uz) ҳар ойда 380 мингга яқин киши киради, Telegram каналларининг ойлик қамрови эса 24 млн кишидан ошади.
Telegram’да ҳавола берилиши бўйича ТОП-3:
- Kun.uz (2939,44);
- Daryo.uz (971,75);
- Uza.uz (924,4).
YouTube’да обуначилар сони бўйича ТОП-3:
- Kun.uz (1,69 млн);
- AzonTv (1,12 млн);
- Qalampir.uz (593 минг).
Instagram’да обуначилар сони бўйича ТОП-3:
- Kun.uz (4,74 млн);
- Qalampir.uz (3 млн);
- Uznews.uz (884,4 минг).
Умуман олганда, Ўзбекистон медиа майдони ўзгариб бормоқда, кўпроқ аудио (подкастлар) ва видео форматдаги материаллар (қисқа лавҳа, stories, катта интервью, ҳужжатли фильм) оммалашиб бормоқда. Фойдаланувчилар каттароқ ҳажмдаги матнларни ўқишни исташмаяпти. Улар матнга берилган ҳаволани очиб ўқишлари учун муаллифлар барча усулларни қўллашига – сарлавҳа, визуал кўриниши устида ишлашига тўғри келмоқда. Яна бир “live” формати ҳам кенг оммалашди, бунда муҳим воқеа, ҳодисалар мазмуни икки-учта гап билан қисқа ва лўнда тарзда ёки ижтимоий тармоқларда жонли эфир тарзида берилмоқда.
Технологиялар ўзгариб бормоқда. Уяли алоқа, Интернет, янги гаджетлар, қурилмалар жадал ривожланаётгани одамларга ахборотни ҳозир ва ўзларига қулай кўринишда олиш имконини бермоқда. Форматлар ва воситалар янгиланмоқда. Оммавий ахборот воситалари “оқим бўйлаб сузиши” учун янги воқеликларга мослашиши керак.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати