@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ҳуқуқий акция: 2 500 дан зиёд фуқаро бепул маслаҳатлар олди

 2023-02-28 16:00:00   |     Просмотров: 2518

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Ўзбекистон Нотариал палатаси ҳамкорлигидаги “Ҳуқуқий маслаҳатлар куни” акцияси бу йил тўртинчи марта ўтказилди.

Акция 20—21 февраль кунлари республикамизнинг барча ҳудудларини қамраб олди ва унда 350 нафар нотариус ходимлари томонидан 2 540 нафар фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Асосий мавзу мерос, мерос ҳуқуқи масалаларига қаратилди.

Мулк ва мулк ҳуқуқини вужудга келтирувчи объектлардан бири мерос ҳуқуқидир. Мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланади. Ҳар бир шахс Конституцияда белгилаб берилган иқтисодий ҳуқуқлардан фойдаланиб, мулкдор бўлишга ҳақли. Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва тасарруф этади.

Мерос ҳуқуқи ворислик ва мерос масалаларини, ворислик асосларини, мероснинг очилиши ва ворислик ҳуқуқини амалга ошириш, мерос ҳуқуқининг объектлари ва субъектларини, васият бўйича ва қонун бўйича ворисликни, меросни эгаллаш масалаларини тартибга солади.

Қонунчиликда меросхўрларнинг меросдан воз кечиш ҳуқуқи ҳам белгиланган. Лекин, мероснинг муайян қисмидан воз кечишга йўл қўйилмайди.

Қайд этиш керак, айрим ҳолларда ҳуқуқий билим етарли бўлмагани туфайли фуқароларимиз ўртасида мерос масаласида турли келишмовчиликлар юзага келади. Яқин қариндошлар ўзаро мерос талашиб, судлашаётган ҳолатлар ҳам бор. Бу кўпинча оғзаки васият қилиниб, нотариус орқали ҳужжатлаштирилмаганидан келиб чиқади.

Акция давомида иштирокчиларга “Мерос иши қандай расмийлаштирилади?”, “Васиятнома қандай ҳолатда тузилади?” мавзуларида тарқатма материаллар берилди.

“Маслаҳат бурчаги”га қилинган мурожаатлар таҳлилига кўра, мерос масаласида 853 нафар, кўчмас мулкни бошқа шахс номига ўтказиш масаласида 295 нафар, уй-жой бўйича ишончнома бериш масаласида 260 нафар, автомобилни расмийлаштириш масаласида 70 нафар, гаров шартномаси масаласида 57 нафар фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Эслатиб ўтамиз, “Юксалиш” ҳаракати ва Нотариал палата ўртасидаги ҳамкорлик 2020 йил сентябрь ойида икки ташкилот ўртасида имзоланган Меморандум доирасида йўлга қўйилган. Шу вақтгача фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, нотариат соҳасини ислоҳ қилиш жараёнига фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, эксперт ва олимларни фаол жалб этиш, шу жумладан хайрия тадбирлари ва жойларда тарғибот ишларини ўтказиш билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди. Ҳар икки ташкилот ўртасидаги самарали ҳамкорлик давом этмоқда.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати