@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси: 2022 йилдаги асосий натижалар

 2023-04-05 16:54:47   |     Просмотров: 2998

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган мамлакатни 2022-2026 йилларда ривожлантириш бўйича Тараққиёт стратегияси 7 та асосий йўналишни қамраб олади. Анъанага кўра, 2022 йил Президент томонидан “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” дея эълон қилинди. Маҳалла Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ўзига хос уникал институти бўлиши билан биргаликда, ўзаро ижтимоий муносабатларда муҳим функцияларни бажаради. Шундан келиб чиққан ҳолда маҳалланинг давлат идоралари билан ҳамкорлигининг янги механизмларини жорий қилишга устуворлик берилмоқда. Шунингдек, маҳалла ўзбек жамияти учун мавжуд муаммоларга биргаликда ечим қидиришнинг энг оддий ва осон йўлларидан биридир. Маҳалланинг жамият ҳаётидаги аҳамиятини инобатга олиб, жамоатчилик муҳокамалари асосида Давлат дастури қабул қилинди.

Мамлакатда сўнгги йилларда давлат ва жамият бошқарувида юз бераётган трансформацион жараёнлар манзарасида маҳалла институтининг фаол иштирокини таъминлашга урғу қаратилмоқда. Бунда маҳалланинг нафақат ижтимоий муаммоларни ечишдаги аҳамияти, балки иқтисодий масалаларда ҳам ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган чоралар кўрилмоқда. Мисол учун, ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчилари институтининг жорий этилиши, ёки бўлмаса, ёшлар етакчилари лавозимларининг пайдо бўлиши ортидан мазкур давлат тузилмаларнинг нодавлат институт билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш даркор. Бир жиҳатдан бу борадаги ҳуқуқий базани такомилаштириш зарурати юзага келган бўлса, бошқа жиҳатдан шарт-шароитларни янги реалликка мослаш муҳим саналади.

2022 йил учун қабул қилинган Давлат дастурида маҳалла институтининг ролини оширишга урғу қаратилиши билан бирга, бошқа соҳаларда ҳам комплекс вазифалар назарда тутилган. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ушбу Тараққиёт стратегиясини бажарилишини доимий мониторинг қилиб борди. Расмий маълумотлар ва бошқа очиқ эълон қилинган янгиликлар асосида стратегия қай тарзда ижро этилаётганлиги ва бу борадаги асосий натижаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ БОШҚАРУВИ

Тараққиёт стратегиясида маҳалланинг давлат идоралари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш орқали “ижтимоий маҳалла” тизимини жорий этиш мақсад қилинган. Ушбу тизимнинг асосий моҳияти шундаки, инсонлар муаммоларини ўзи яшаб турган маҳаллада ҳал эта олсин. Бунинг учун зарур иқтисодий асосларни яратиш лозим бўлади. Айнан шу мантиқдан келиб чиқиб, ҳар бир маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси ташкил этилиши кўзда тутилди. Ушбу жамғармаларда шаклланган маблағларни эса айнан қайси йўналишларда сарф этиш лозимлигини шу ернинг аҳолиси ҳал этади.

Шунингдек, Давлат дастурида Ўзбекистон учун янги бўлган ҳоким ёрдамчилари институтининг фаолиятини самарали ташкил этиш борасида ҳам комплекс чоралар кўрилди. Ушбу чоралар нималардан иборат? Аҳоли сони барқарор ўсиб бораётган мамлакат учун бандлик масаласи долзарб аҳамиятга эга. Шунга кўра, ҳоким ёрдамчиларини саралаб олиш жараёнларига алоҳида аҳамият қаратилди. Бунда уларнинг иқтисодий билим ва тажрибаси бўлиши лозимлиги бош мезонлардан бири бўлди. Энг асосийси, тадбиркорлик учун аҳолига кредит ажратиш ва шу каби кўплаб масалаларда ортиқча бюрократияга йўл қўймаслик учун фақатгина ҳоким ёрдамчиларининг хулосаси етарли бўлиши каби жиҳатлар маҳаллаларда тадбиркорликнинг ривожланишига туртки бермоқда.

Тақдим этилган расмий маълумотларга кўра, аҳолини иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш орқали салкам 2 млн фуқароларнинг даромадли меҳнат билан бандлиги таъминланган. Хусусан, 560 минг нафари доимий иш жойларига  жойлаштирилган, 778 минг нафари ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинган, 66 минг нафари якка тартибдаги тадбиркорликка ва 137 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган, 341 минг нафар фуқароларга ижара асосида ер ажратилган.

Ҳоким ёрдамчилари тавсияномалари асосида 267 мингта лойиҳага жами 6,4 трлн сўм имтиёзли кредит ва 35 мингдан ортиқ ишсизларга 112 млрд сўм субсидиялар ажратилган, 218 минг нафар аҳоли касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилган. Шунингдек, ҳоким ёрдамчилари томонидан шакллантирилган 34 мингдан ортиқ “маҳаллабай” микролойиҳалардан 19 мингтаси ишга туширилиб, 78 мингта янги иш ўринлари яратилган.

Ўзбекистонда узоқ йиллар мобайнида бошқарувнинг кучли вертикали шаклланганлиги натижасида маъмурий ислоҳотларнинг дастлабки босқичида бошқарув функцияларини қайта тақсимлаш, давлат идораларининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини оширишга қаратилган чораларга эътибор қаратилди. Мазкур жараёнларда давлат аппаратининг бирмунча кенгайганлигига гувоҳ бўлиниши билан бир қаторда давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, уларнинг фаолият чегараларини аниқлаштиришга бўлган эҳтиёж юзага келганлигини кузатиш мумкин эди. Шу нуқтаи назардан 2022 йилда маъмурий ислоҳотларнинг навбатдаги босқичига ўтилди. Хусусан, ислоҳотларнинг бош мақсади ихчам ва ҳисобдор ҳукумат тамойилини амалга оширишга қаратилган жиддий қадамлар ташланди. Вазирлик ва идоралар сони 61 тадан 28 тага, Ҳукумат таркиби 55 фоизга қисқартирилди. Натижада 17 мингдан ортиқ давлат хизматчилари штатлари оптималлаштирилди. Шунингдек, бир неча йиллардан буён муҳокама қилиниб келинаётган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонунда давлат хизматчиларининг ҳуқуқ ва ваколатлари ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимояси учун муҳим асослар белгиланди.

Халқпарвар давлатнинг асосий белгиларидан бири бу аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг самарали ташкил этилишидир. Шу мақсадда 2022 йилда бу борадаги фаолиятни рақамлаштиришга эътибор қаратилди. Хусусан, мурожаатлар билан ишлашнинг ягона онлайн платформаси ишга туширилди. Мазкур платформада яратилган мониторинг функцияларидан бири бу айнан маҳаллалар кесимида мурожаатлар таҳлил қилиб борилади. Шу нуқтаи назардан маҳалла давлат органлари учун аҳоли муаммолари билан ишлашнинг муҳим ҳамкори сифатида кўрилмоқда.

Давлат дастури доирасида жамоатчиликнинг жамият ва давлат бошқарувида тўғридан-тўғри иштирокини таъминлашга қаратилган йўналишлардан бири сифатида ташаббусли бюджетлаштириш лойиҳаларини эътироф этиш зарур. Лойиҳа фуқароларни ўз маҳалласи, шаҳри ҳаётида янада фаол иштирок этиш имкониятини яратди. Инсонларда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдорлик хисси ошиб бормоқда. Хусусан, 2022 йил июль-сентябрь ойлари давомида ўтказилган ташаббусли бюджетлаштириш жараёнларида 1221 та маҳаллалар томонидан илгари сурилган қиймати 1 трлн бўлган 1 418 та лойиҳа ғолиб бўлди. 2023 йилдан бошлаб “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурлари тугатилиб, маҳаллалар инфратузилмасига ажратиладиган пулларнинг ҳаммаси “Ташаббусли бюджет”га йўналтирилади.

Сўнгги йилларда ҳокимларни сайлаш масаласи Ўзбекистон жамоатчилигида фаол муҳокама қилинаётган масалалардан бири ҳисобланади. Давлат дастурини шакллантириш жараёнларида ҳам айнан шу масалада жамоатчиликдан кўплаб таклифлар келиб тушган эди. Ушбу таклифлар асосида Ҳокимликка номзод маҳаллий Кенгашда ҳудудни ривожлантириш бўйича ўз дастурини ҳимоя қилиб, лавозимга тасдиқланиши тартибини жорий этиш вазифаси қўйилди. Бу бўйича “Маҳаллий вакиллик органлари тўғрисида”ги ва “Ижроия ҳокимияти органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди. Ушбу қонун лойиҳалари Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича 2023 йилда ўтказилиши кутилаётган референдумдан сўнг қабул қилиниши кутилмоқда.

Давлат хизматларини рақамлаштириш 2022 йилда ҳам кун тартибидаги муҳим йўналишлардан бири бўлиб қолди. Йил давомида бюрократияни қисқартириш йўлидаги ҳаракатлар давом этди. Электрон ҳукумат имкониятлари ошиб, яна 15дан ортиқ турдаги ҳужжатларни сўраш тўхтатилди. Кўчмас мулк ижараси бўйича шартномалар фақат онлайн тузиляпти. Автомобилга ишончнома расмийлаштириш учун ҳам энди нотариусга бориш шарт эмас, буни ягона портал орқали қилса бўлади. Ҳайдовчилар ID-картаси ёнида бўлса, бошқа ҳужжатларини олиб юришига ҳожат қолмади. ID-картани Ўзбекистоннинг хоҳлаган ҳудудидан олиш мумкин бўлди. Фуқаролар давлат хизматларидан фойдаланишда телефон рақами орқали шахсини тасдиқлаши йўлга қўйилди.

АДОЛАТ ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ

Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтилар экан мулк дахлсизлигини кафолатлаш давлат олдида турган оғир масалалардан бири эди. Чунки сўнгги йилларда маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари ва аҳоли ўртасида бу борада зиддиятлар кузатилди. Ушбу зиддиятлар айнан давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ерларни олиш ва ундаги хусусий мулкка зарар етказилиши ҳолатларида акс этди. Шунингдек, мамлакатда хусусий мулк тушунчасининг тўлиқ шаклланмаганлиги соҳадаги ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришни талаб этарди. Ушбу бўшлиқларни тўлдириш мақсадида дастурга асосан ерларини жамоат эҳтиёжлари учун олишнинг аниқ тартибини белгиловчи қонун қабул қилинди. Шунингдек, хусусий мулкдан эркин фойдаланиш бўйича бир қатор чекловлар бекор қилинди. Мисол учун, аввалари прокурор протести орқали фуқароларнинг ерларини олиб қўйиш мумкин бўлган бўлса, эндиликда бу ваколат фақатгина судлар орқали амалга оширилади. Кўрилаётган чоралар мамлакатда хусусий мулк тушунчасини мустаҳкамлаб бормоқда ва ерларни бозор активларига айланишига хизмат қилмоқда.

Давлатнинг аксилкоррупция сиёсатида ҳам қатор кун тартибидаги масалалар бўйича ислоҳотлар давом эттирилди. Хусусан, “Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламентнинг қуйи палатасида 3 ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди. Президент томонидан аксилкоррупция сиёсати доирасида белгиланган яна бир муҳим устуворлик – эндиликда мансабдорларга ўзлари масъул соҳада коррупцияга йўл қўйганлик учун сиёсий жавобгарлик ҳам юклатилмоқда. Бундан буён ҳокимлар ва вазирлар ўзлари масъул бўлган тизимда содир бўлган коррупцион ҳолатларга сиёсий жавобгар бўладилар.

Ўзбекистонда маҳкумлар ҳуқуқларини таъминлаш, жазони ижро этиб бўлган инсонларни жамиятга реинтеграциясини амалга оширишда ҳам дастурда қатор вазифалар белгиланган эди. Бу бўйича янги озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган шахсларга “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети”ни бериш амалиёти йўлга қўйилди. Шунингдек, “Қийноққа солиш бўйича ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенция Факультатив протоколига (Нью-йорк, 2002 йил 18 декабрь) қўшилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Шунингдек, қонунчиликка тергов ва суриштирув жараёнларида фуқароларга нисбатан ҳар қандай қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатлари бўйича фуқарога етказилган зарарни давлат томонидан қоплаб берилишини назарда тутувчи норма киритилди. Бундан ташқари, қийноқлар маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар қопланадиган ҳолатлар қаторига киритилди.

ИҚТИСОДИЁТ

Айтиш кераккаи, 2022 йил Ўзбекистон иқтисодиёти учун жиддий синовлар даври бўлди. Ўзбекистон иқтисодиётида барқарор ўсиш кўрсаткичларини сақлаб қолиш мақсадида давлат дастурида бир қатор комплекс масалалар кўзда тутилди. Халқаро майдонда рўй бераётган зиддиятлар, иқтисодий қарама-қаршиликлар ва инфляциянинг ўсиши дунё бўйлаб давом этаётганлиги шароитида ҳукумат бир қатор йўналишларда ислоҳотларни давом эттирди.

2022 йилда Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти илк бор 80 млрд доллардан ошди, мамлакатга 8 млрд доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келди, экспорт кўрсаткичи 19 млрд долларга етди. Умуман, Ўзбекистонда тўлиқ бозор иқтисодиётига ўтишда Жаҳон савдо ташкилотига муддатидан олдин кириш масаласига устувор аҳамият қаратмоқда. Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича ишчи гуруҳи 2022 йилнинг 21−22 июнь кунлари Женевада бешинчи бор йиғилиш ўтказди. Гуруҳнинг аввалги, тўртинчи йиғилиши деярли 15 йиллик танаффусдан сўнг 2020 йилнинг июль ойида онлайн тарзда ўтказилган эди.

Мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес учун қулай муҳит яратиш масаласи иқтисодий ислоҳотларнинг асосини ташкил этади. Бу бўйича Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 20 август Тадбиркорлар куни сифатида белгиланганлиги ҳам бежиз эмас. 2022 йилда ҳам анъана давом эттирилган ҳолда Президент бизнес вакиллари билан мулоқот ўтказди. Мулоқотдан сўнг тадбиркорлар томонидан билдирилган таклифлар асосида муҳим қарорлар қабул қилинди.

Жумладан, бизнесга нисбатан янги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилинди. Бизнесни микро, кичик ва ўрта тоифаларга ажратиш орқали мамлакатда соғлом рақобатга йўл очилди. Шунингдек, Бизнес учун солиқ юкини камайтириш мақсадида қўшилган қиймат солиғи 15%дан 12%га туширилди. Микро бизнес учун ягона 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилди, олис ҳудудлардаги ва алоҳида тоифадаги тадбиркорлар учун амалдаги 1 ва 2 фоизли ставкалар сақлаб қолинди.

Мамлакатга ташқи инвестицияларни жалб қилиш мақсадида инвесторлар ва уларнинг оила аъзолари учун алоҳида “инвестицион виза” тизими жорий қилинди. Шу билан бирга, мамлакатга инвестицияларни киришига тўсқинлик қилиб келган “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкот бекор қилинишига эришилди. Натижада мамлакат тўқимачилик саноати энг юқори суратларда ривожланаётган секторлардан бирига айланди. Март ойида биринчи марта Тошкент халқаро инвестиция форуми ўтказилди ва унда 56 давлатдан 1500 дан ортиқ иштирокчилар қатнашди. Форум якунлари бўйича 7,8 миллиард долларлик аниқ шартномалар ва инвестициявий битимлар пакети имзоланди.

Ўзбекистон учун иқтисодий ислоҳотларнинг яна бир муҳим йўналиши бу давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартиришдир. Бу борада ҳам 2022 йил ижобий силжишларни кузатиш мумкин бўлди. Хусусан, давлат иштироки энг юқори бўлган соҳалардан бири банк секторини трансформация жараёнлари давом эттирилди. Ушбу йўналишда давлат банки “Ипотека банк”ини Венгриянинг ОТП банкига тўлиқ сотиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, мамлакатнинг энг йирик компанияларидан бири бўлган “UzAuto Motors” АЖнинг акциялари оммавий IPO савдоларига чиқарилди. Шу каби давлат ўз тасарруфида ушлаб турган йирик корхоналар сотувга чиқарилиши давом эттирилди.

Ўзбекистонда ривожланиб бораётган соҳалардан бири бу сўзсиз туризмдир. Давлат дастури доирасида ушбу соҳада ҳам мамлакатнинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган чоралар кўрилди. Натижада мамлакатга 2022 йилда режа қилингани каби 2,7 млн эмас 4,5 млн хорижий сайёҳлар ташриф буюрди. Ушбу натижага эришиш учун мутлақо янги йўналишлар, жумладан, туризм қишлоғи, туризм ва гастрономик кўчалар, зиёрат туризми маршрутлари, пляж, сувда ва чўл ҳудудларида дам олиш туризми йўлга қўйилди. Янги транспорт маршрутлари ишга туширилди ва бошқа зарур инфратузилма бунёд этилди. Шунингдек, 2022 йил давомида жами 10,4 млн аҳолининг ички саёҳатлари ташкил этилди. Бунинг учун “Ички туризм ойлиги”, “Ички туризм ҳафталиги”, “Ички туризм кунлари”и дастурлари амалга оширилиб, улар доирасида маданий, кўнгилочар, миллий ҳамда диний байрамлар, катта спорт тадбирлари амалга оширилди.

ИЖТИМОИЙ СИЁСАТ

Ўзбекистонда ижтимоий сиёсат энг устувор соҳа ҳисобланади. Биргина таълим ва тиббиёт учун давлат бюджетининг 60% қисмининг йўналтирилиши ҳам бунга яққол мисолдир. Сўнгги йилларда республикада кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими жорий қилинди. Давлатдан ижтимоий ёрдам олувчи оилалар сони охирги уч йилда тўрт баробарга ошиб, 1,9 миллионга етди. Шунингдек, ишсизлик нафақаларининг энг кам миқдорлари 3,2 бараварга оширилди, аҳолини бандлигини таъминлашга қаратилган 20 дан ортиқ янги инструментлар жорий этилди. 2022 йилда ҳам Давлат дастури доирасида мамлакатда аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, бу борада ресурсларни адолатли тақсимлаш масаласида бир қатор муҳим вазифалар амалга оширилди. Авваламбор, пенсия ва ижтимоий нафафқалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан оширилди. Шунингдек, давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўлган таълим, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя масалаларига эътибор қаратилди.

Ҳукумат сўнгги йилларда асосий урғуни инсон капиталини ривожлантиришга, айниқса, барча учун сифатли таълим олиш имкониятларини яратишга қаратмоқда. Бу борада малакали ўқитувчилар иш ҳақини 1 000 АҚШ доллари эквивалентига етказиш вазифасининг қўйилганлиги ҳам тизимли ислоҳотлар ўтказилишини талаб этади. Таълим соҳасидаги асосий мақсад замонавий фикрлайдиган авлодни етиштириш бўлиб қолмоқда. Бунинг учун, авваламбор, болаларни мактабгача таълим қамровини ошириш бўйича ишлар давом эттирилди. Хусусан, дастурга мувофиқ жами 114 минг қувватга эга 169 та давлат-хусусий шерикчилик асосида ва 1 346 та оилавий шаклдаги боғчалар фаолияти йўлга қўйилди. Халқ таълими тизимида ҳам ислоҳотлар давом эттирилди. Жумладан, асосий эътибор янги авлод дарсликларини яратиш ва ўқувчилар учун замонавий шароитларни яратиш бўйича чоралар кўрилди. Бу борада 189 та дарслик, 50 машқ дафтари, 57 методик қўлланмалар ва дарсликларнинг мобил иловалари яратилди. Шунингдек, жами 184 минг ўқувчи ўрни яратилган бўлса, шундан 64 мингги ихтисослаштирилган мактаблар хиссасига тўғри келади. Яна бир муҳим қадамлардан бири тажриба сифатида Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида 1-4 синф ўқувчилари учун бепул овқат беришни жорий қилинганлигини қайд этиш лозим. Шу орқали ўтган йили 280 минг болалар бепул овқат билан таъминланди. Мазкур тажрибани 2023 йилда бутун республика бўйлаб жорий қилиш кўзда тутилган.

Умуман олганда, таълим масаласига мамлакат президентининг қайта-қайта мурожаат қилаётганлиги Ўзбекистонда соҳани ривожлантириш йўлида қаттиқ бош қотирилаётганлигидан далолат бермоқда. Иқтисодиётда бўлгани каби ушбу соҳада ҳам илғор тажрибаларни жорий қилиш мақсадида хусусий инвестицияларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу инвестицияларни олий таълим соҳасида кўпроқ кузатиш мумкин. Хусусан, олий таълим қамрови 28%дан 38% етказилди. Бир йилда олий таълим муассасалари кутубхоналари 171 номдаги 38 мингдан ортиқ янги ўқув адабиётлар билан бойиди. Мамлакатда илм-фан тараққиёти масалалари доимий кун тартибида бўлиб турганлиги боис, 2022 йилда Ўзбекистон халқаро рейтингларда ҳам ўз ўрнини яхшилашда давом этди. Глобал инновацион индексда 82 ўринни эгаллаган ҳолда 2030 йилда рейтингнинг 50 та энг яхши давлатлари қаторига кириш мақсад қилинган. ГИИ тадқиқотнинг 2022 йилги маърузасида Ўзбекистон илк бор “2022 йилда инновациялар бўйича глобал етакчилар” қаторидан жой олди. Яъни Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида Ҳиндистон ва Эрондан кейин инновациялар бўйича Топ-3 давлатлардан бири бўлди. Шунингдек, 2022 йилда Ўзбекистон ГИИ рейтинги тарихида биринчи марта аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотда инновацияларга сарфланган маблағлар даражасидан қатъи назар, инновацион ривожланиш бўйича кутилганидан юқори ютуқларга эришган давлатларнинг ТОП-10 талигига кирди.

Ўзбекистонда фаол гендер сиёсатини амалга ошириш мақсадида 2022 йилда ҳам дастурга бир қанча масалалар киритилди. Жумладан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, аёллар таълими учун қўшимча енгилликлар яратиш каби вазифаларни алоҳида қайд этиш зарур. Хусусан, бандлик соҳасида 2 йиллик дастурни амалга оширишга киришилди. Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан 207,8 минг ишсиз хотин-қизларни бўш ҳамда янги яратилаётган иш ўринларида бандлигини таъминлашга кўмаклашилди. Шунингдек, 110,6 минг нафар аёллар касб-ҳунарга ўқитиш курсларига жалб этилди.

Хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақаси давлат томонидан тўлаб бериладиган бўлди. Магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши ҳамда таълим контрактларини тўлаш учун қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш тизими жорий этилди.

Ижтимоий сиёсатнинг яна бир муҳим йўналиши бўлган тиббиётда ҳам қатор ўзгаришлар юз берди. Биринчи йўналиш тиббиётнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўлса, иккинчи йўналиш сифатида мураккаб жарроҳлик операцияларини мамлакатда ўтказишни ташкил этиш билан боғлиқ вазифалар амалга оширилди. Жумладан, коронавируснинг янги штаммлари тарқалиши фонида Тошкент шаҳрининг 12 та туманида махсус поликлиникалар фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, республика бўйича 105 та оилавий шифокор пунктлари ва 31 та оилавий поликлиника ташкил этилди. Илк бор Нукус шаҳрида давлат-хусусий шериклик асосидаги диализ маркази фойдаланишга топширилди.

Ўзбек шифокорлари Марказий Осиёда илк бор қизилўнгач атрезияси билан туғилган чақалоқларда тиғсиз жарроҳлик амалиёти ўтказди. Шунингдек, бошқа бир нечта йўналишларда ҳам мамлакатда жарроҳлик амалиётларини муваффақиятли ўтказишга эришилди.

Жумладан, туғма нуқсони бўлган уч ёшли қизалоқнинг умуртқа поғонасида ноёб жарроҳлик амалиёти ўтказилди, бемор танаси 16 даражагача совутилиб, 12 соатлик мураккаб технологик операция ўтказилди, илк бор “биллур болалар”ни операция йўли билан даволаш йўлга қўйилди.

Тиббиётда меҳнатга ҳақ тўлашни рағбатлантириш борасида ҳам янгиликлар кузатилди. Юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокорларга 25%, даволаш-профилактика муассасаларининг ходимларига фан доктори (Doctor of Science) илмий даражаси учун 60%гача, фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси учун 30%гача ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўлаш тартиби жорий этилди.

МАЪРИФАТЛИ ЖАМИЯТ

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида маърифатли жамият ғоясини амалга ошириш алоҳида йўналиш сифатида бежизга киритилмади. Мамлакатда сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллигига йўл очиб берилиши манзарасида жамиятда турли баҳс-мунозараларнинг кучайиб боришига гувоҳ бўлинди. Айниқса, мамлакатнинг кейинги тараққиёти қандай бўлиши, дин ва давлат, секуляризм ғоялари ўртага чиқа бошлади.

Маълумки, Ўзбекистонда аҳолининг катта қисми мамлакатни дунёвий ривожланиш йўлидан боришини ёқлашади. Бироқ, ён-атрофда бўлаётган зиддиятли ҳолатлар, ёш авлоднинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслиги учун ўзбек жамоатчилигида маънавий тараққиёт масаласи кун тартибига чиқди. Бунда давлат сиёсати қайси йўналишда олиб бориши лозимлиги масаласи ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Давлат дастурида акс этган масалалар бу борадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини кўрсатиб берди. Демак, маърифатли жамият ғоясини амалга ошириш учун комплекс вазифалар кўзда тутилган. Бу миллий, тарихий шахсларни меросини театр, кино ва бошқа замонавий воситалар орқали тарғиб қилиш, мамлакатда миллатлараро ва динлараро бағрикенгликни асраб-авайлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, ахборот-кутубхона хизматларини ривожлантириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш каби фундаментал масалаларни қамраб олади.

2022 йил давомида юқоридаги йўналишларда фаолият сарҳисоби қуйидаги асосий тадбирларда акс этди. Маърифатли ислом ғоялари тарғиботи бўйича малакали исломшунос олимлар томонидан 15 та илмий ва оммабоп рисолалар нашр қилинди. Шу билан бирга, 16 та рисолалар нашрга тайёрланди. Ушбу рисолаларда ислом дини маърифат дини эканлиги, ундан ғаразли мақсадларда фойдаланишни олдини олишга қаратилган асосий ғоялар келтирилган.

Яна бир муҳим йўналиш бу мамлакатда китобхонликни тарғиб қилишдир. Ушбу йўналишда мамлакат бўйлаб турли кўргазмалар ташкил қилинмоқда ва китобхонлик мусобақалари ёшлар орасида оммалаша бошлади. Хусусан, “INFOLIB UZBEKISTAN – 2022” XI Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги ҳамда “TASHKENT BOOK FEST – 2022” III Тошкент халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси каби тадбирлар бутун республикада ташкил этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси 24/7 иш режимига ўтди. Телеканалларда китобхонликка оид турли хил дастурлар қамрови кенгайди.

2022 йил давомида турли йўналишларда 114 та медиа маҳсулотлар яратилди. Бутун мамлакат бўйлаб таълим даргоҳларида, жумладан болалар боғчаларида миллий мультфилмлар, мактабларда кинокартиналар намойишлари ташкил этилди.

МИЛЛИЙ МАНФААТЛАРДАН КЕЛИБ ЧИҚҚАН ҲОЛДА УМУМБАШАРИЙ МУАММОЛАРГА ЁНДАШИШ

Давлат дастурида миллий манфаатлардан келиб чиқиб умумбашарий муаммоларга ёндашиш бўйича экология, коррупцияга қарши курашиш, камбағалликни қисқартириш, миграция муаммолари юзасидан долзарб вазифалар амалга оширилди.

Ўзбекистон учун экологик муаммолар йил сайин долзарб аҳамият касб этмоқда. Иқлим ўзгаришларининг зарарли оқибатлари мамлакат қишлоқ хўжалиги ва миллат генофондига салбий таъсири ортмоқда. Шунинг учун экологик вазиятни ўзгартириш Ҳукумат олдида турган бирламчи вазифалардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда 2022 йилда атмосферани яхшилаш борасида бир қатор чоралар кўрилди. Жумладан, дастурга мувофиқ 96 та саноат корхоналарининг устувор манбаларидаги 362 та чанг-газ тозалаш ускуналарининг модернизация қилиниши эвазига атмосферага йиллик 2,6 минг тонна ифлослантирувчи моддалар камайишига эришилди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш ташаббуси илгари сурилиб, унинг доирасида ҳар йили 200 млн. дона дарахт кўчатлари экилмоқда. Биргина 2022 йил баҳор мавсумида республика ҳудудларида “Долзарб 40 кунлик” тадбири доирасида салкам 126,5 млн дона кўчат экилди. “Яшил боғлар” ташкил этиш мақсадида республика бўйича 564 гектар ер ажратилиб, лойиҳалаш ишлари амалга оширилмоқда. Мамлакатдаги 22,4 млн дона дарахтлар хатловдан ўтказилиб, уларни парваришлаш давлат органлари ва ташкилотларига зиммасига юклатилди. “Яшил Орол денгизи” дастури доирасида 742 минг гектар ерда яшил қопламали ўрмонзор, Нукус, Урганч ва Хива шаҳарлари атрофида “Яшил белбоғ”лар барпо этилди. Орол денгизи суви чекинган салкам 1,6 миллион гектарда шўр ва қурғоқчиликка чидамли кўчатлар экилди. Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ўрмон фонди ерлари майдонини бугунги 11,2 миллион гектардан 14 миллион гектарга етказиш вазифаси юклатилган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус агентлик ташкил этилиб, қонунчиликда ҳам қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Асосий эътибор коррупцияга қарши тизимли курашиш чораларига қаратилмоқда. 2022 йилда ҳам ушбу йўналишда фаолият давом эттирилди. Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий қилинди. Фуқароламинг коррупция ҳақида тезкор хабар бериш имконини берувчи “E-anticor.uz” электрон платформаси ҳамда 1253 қисқа рақамли Call марказ ишга туширилди. Шунингдек, Ўзбекистон тарихида илк маротаба “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза” тайёрланди ва мамлакат парламентига тақдим этилди.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари учун 12 та грант танловлари эълон қилиниши коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамияти институларини фаол жалб қилина бошланганлигидан далолат бермоқда. Очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар сони 35 тага етказилиши давлат органлари фаолиятини доимий жамоатчилик назоратини амалга оширишда самарали механизм бўлиб хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, Очиқлик индекси жорий этилди ва очиқликни таъминлаш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Амалга оширилган тизимли ишлар мамлакатнинг халқаро рейтингларда ҳам ўрни яхшиланишига сабаб бўлди. Жумладан, Ўзбекистон “Open Data Watch”  ташкилотининг “Open Data Inventory” (ODIN) Очиқ маълумотлар рейтингида 66 балл йиғиб, жаҳон бўйича 40 ўринни, Марказий Осиёда эса 1 ўринни эгаллади. (2020-йилда 63 балл билан 44 ўринни эгаллаган)

Transparency International халқаро нодавлат ташкилоти томонидан Коррупцияни қабул қилиш индексининг 2022 йил натижалари бўйича 180 та давлат орасида Ўзбекистон 31 балл билан 126 ўринни эгаллади. Аҳамиятлиси, Ўзбекистон балларини 3 тага ошириб, ўрнини 14 поғонага яхшилашга (2021 йилда 140 ўрин) муваффақ бўлди. Шунингдек, мамлакат мазкур индексда сўнгги 6 йил давомида ўсиш суръатларини қайд этаётган (2017 йилда 22 балдан 2022 йилда 31 баллгача) давлат сифатида Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасининг аксилкоррупция ислоҳотларини тизимли равишда амалга ошираётган давлатлар қаторида қайд этилди.

“TRACE International” халқаро ассоциацияси 2022-йилнинг “Бизнесда порахўрлик хавфи” глобал индексига кўра Ўзбекистон 58 балл билан 131 ўрингача кўтарилган, 2021 йилда эса 59 балл билан (1 баллдан 100 баллгача баҳоланади, 1 балл – энг ижобий) 147 ўринни эгаллаб турган эди.

ТАШҚИ СИЁСАТ ВА ХАВФСИЗЛИК

Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши учун қулай ташқи муҳит ва ишончли ҳамкорлар зарур. Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган янги ташқи сиёсат курсига мувофиқ қўшни мамлакатлар билан самарали ҳамкорлик бирламчи аҳамият касб этади. Марказий Осиё мамлакатнинг ташқи алоқаларида устувор аҳамиятидан келиб чиқиб, 2022 йилда қўшнилар билан муҳим келишувларга эришди.

Хусусан, Қирғизистон билан чегара делимитацияси, Қозоғистон билан эса демаркация бўйича келишувларга эришилгани ташқи сиёсатдаги катта ютуқлардан бўлди. Айниқса, Қозоғистон билан иттифоқчилик, Қирғизистон билан стратегик шериклик тўғрисида имзоланган шартномалар 2022 йилда эришилган энг ижобий натижалар дейиш мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон ўтган йилда икки муҳим халқаро тадбирларга мезбонлик қилди. Дастлаб, сентябрда Самарқандда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити ўтказилган бўлса, сўнгра ноябр ойида Туркий давлатлар ташкилотининг илк саммити ҳам Самарқандда бўлиб ўтди. Бу икки тадбирда Ўзбекистон ўзининг асосий ҳамкорлари билан муҳим масалаларда келишувларга эришди. Қолаверса, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласида Ўзбекистон фаол ҳаракатларни давом эттирди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Шавкат Мирзиёев раислигида Самарқандда бўлиб ўтган ТДТ саммити туркий дунёда интеграция жараёнлари жадал ривожланаётганини кўрсатди. Шу маънода Турк дунёси беқарорлик ва инқирозлар билан хаосга тортмоқчи бўлган дунёнинг “тинчлик ўйинчиси” сифатида мавқега эга. Шу нуқтаи назардан, Осиё ва Европа ўртасидаги алоқани иқтисодий ҳамкорлик ва коридорлар контекстида мустаҳкамлаш истагини билдирган ТДТга аъзо давлатлар Самарқанд декларациясида ўзларининг ёндашувларини, инқирозлар шароитида тинчлик гарови сифатида кўриб чиқишди. ТДТ давлат раҳбарларининг саммитини 2023 йилда Қозоғистонда ўтказишга қарор қилинди. Ушбу саммитгача бўлган жараёнда ТДТ мамлакатлари бир-бири билан, ўз минтақалари ва дунё билан муносабатларини мустаҳкамлайди ва ташкилотни тўла ҳуқуқли халқаро ташкилотга айлантириш учун зарур бўлган аниқ чораларни кўришни давом эттиришини тахмин қилиш мумкин.