@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

2022 йилда янги қурилган кўп қаватли уйлар ва ижтимоий муассасаларнинг фойдаланишга топширилиши юзасидан жамоатчилик мониторинги ўтказилади

 2023-05-16 17:25:36   |     Просмотров: 1553

Маълумки, 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 33-мақсадида қурилиш соҳасини техник тартибга солиш, қурилиш ва лойиҳалаштириш ишлари сифатини ошириш ва бошқа шу каби муҳим вазифалар белгиланган. Ўзбекистонда аҳоли сонининг барқарор ўсиб бораётганлиги урбанизация жараёнларини жадаллаштирмоқда ва сифатли турар жойларни барпо этиш ҳамда ижтимоий инфратузилмани яратиш масалаларининг долзарблигини оширмоқда.

Шунингдек, аҳоли учун мустаҳкам ва қулай уй-жойларни қуриш борасида ҳам бир қатор норматив ҳужжатлар қабул қилинган. Янги қурилган уйларнинг белгиланган талабларга мослиги, уларнинг замонавий шаҳарсозлик нормаларига уйғунлиги муҳим аҳамият касб этади.

Шу муносабат билан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан жойларда ҳудудий комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан қуриб фойдаланишга топширилган янги объектларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиш мақсадида жамоатчилик мониторинги ташкил этилади:

17—18 кунлари Наманган, Жиззах, Хоразм ва Навоий вилоятларида 2022 йилда янги қуриб битказилган ижтимоий муассасалар ва кўп қаватли уйларда амалга оширилган ишлар юзасидан;

18—19 май кунлари Бухоро вилоятида 2022 йилда янги қуриб битказилган ижтимоий муассасалар ва кўп қаватли уйларда амалга оширилган ишлар юзасидан.

Мазкур жамоатчилик назорати тадбирларига жамоат фаолларидан ташқари соҳа мутахассислари ҳам таклиф этилади. Мониторинг якунлари бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, манфаатдор идораларга тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан доимий равишда мониторинг тадбирлари ўтказиб борилади. Бу борадаги таклифларингиз ва фикр-мулоҳазаларингизни “Jamoatchilik.uz” платформасида қолдиришингиз мумкин.                  

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати