Бухоро вилоятида ўтказилган жамоатчилик мониторинги тўғрисида
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан 2023 йил 18-19 май кунлари Бухоро вилоятида жамоатчилик мониторинги ўтказилди.
Ўзбекистон Рспубликаси Прзидентининг 2020 йил 30 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар, жумладан, республиканинг сейсмик фаол ҳудудида жойлашган мавжуд бино ва иншоотлар, шунингдек, кўп қаватли турар жойларнинг сейсмик заифлигини баҳолаш учун зарур бўлган маълумотларни назарда тутувчи электрон техник паспортларни шакллантириш амалиётини йўлга қўйиш ҳолати жамоатчилик мониторинги тартибида ўрганилди.
Ушбу вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Бино ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини баҳолаш ҳамда электрон техник паспортларни шакллантириш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, унда
- республиканинг сейсмик фаол ҳудудларида жойлашган бино ва иншоотлар электрон техник паспортларининг ягона интеграциялашган платформаси ишга туширилганлиги;
- вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотлар 2021 йил 1 июлдан бошлаб босқичма-босқич ўзларига қарашли бино ва иншоотлар, шунингдек, кўп квартирали уй-жойларнинг электрон техник паспортларини шакллантириб, платформага киритилишини таъминлаш;
- Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси 2021 йил 1 июлдан бошлаб янги қурилаётган барча турдаги бино ва иншоотлар, шунингдек, кўп квартирали уй-жойларнинг электрон техник паспортларини шакллантириб, платформага доимий киритиб борилишини таъминлаш қайд этилган.
Бухоро вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси тақдим этган маълумотларга кўра, шу кунга қадар Ўзбекистон Республикасининг сейсмик фаол ҳудудларида жойлашган бино ва иншоотларнинг электрон техник паспортлари тизмига (https://pasportbino.uz) вилоятда янгидан қуриб фойдаланишга топширилган жами 512 та объектнинг, жумладан, 6 та меҳмонхона, 5 та жамоатчилик бинолари ва футбол майдони, 76 та ишлаб чиқариш цехи, 80 та кўп қаватли уй-жойлар, 14 та соғлиқни сақлаш мажмуалари, 289 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш бинолари, 6 та мактабгача таълим ташкилоти, 27 та сақлаш жойлари, ангарлар, омборлар каби иншоотлар, 9 та кичик ишлаб чиқариш мини завод-фабрика бинолари тўғрисидаги маълумотлари шакллантирилган.
Жамоатчилик мониторинги Бухоро вилоятининг Жондор, Қоракўл туманлари ва Бухоро шаҳрида қурилган объектларда ўтказилди. Жумладан, Қоракўл туманида жорий йилда янги қуриб фойдаланишга топширилган Янги Ўзбекистон массивидаги давлат мактабгача таълим ташкилоти ва 2021 йилда фойдаланишга топширилган 5 қаватли турар-жой биноси, Жондор тумани марказидаги 2022 йилда қурилган кўп қаватли турар-жой, “Навлади” МФЙда жойлашган “Кардиомед” хусусий клиникаси (2023 йилда ишга туширилган), “Алели” МФЙдаги 2022 йилда реконструкция қилинган 10-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти (1989 йил қурилган), Бухоро шаҳри Боғишамол кўчаси 1/5 манзилидаги кўп қаватли турар-жой (2020 йил фойдаланишга топширилган), Бухоро вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказининг янги қурилган терапия бўлими биноси, “Бухоро сити”даги кўп қаватли турар-жой биноларининг электрон техник паспортлари шакллантирилганлиги жойига чиқиб ўрганилди.
Мониторинг давомида бир қатор муаммолар мавжудлиги маълум бўлди. Хусусан, 2021 йилда ишга туширилган “pasportbino.uz” тизими ханузгача тест режимида ишламоқда. Қолаверса, вилоятда бино ва иншоотларнинг электрон техник паспортини шакллантиришга тўлиқ киришилмаган. Мисол учун, Бухоро шаҳри Боғишамол кўчаси 1/5 манзилидаги кўп қаватли турар-жой биноси 2020 йилда фойдаланишга топширилган бўлсада, жойига чиққан ҳолда ўраниш давомида мазкур бинода қурилиш ишлари якунига етказилмаганлиги (лифтлар ўрнатилмаган, ертўла ва подъезд қисмлари чала ҳолда қолдирилган) маълум бўлди. Ушбу объект паспортини шакллантиришга масъул бўлган Бухоро вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал бошқармаси вакили Шермат Фаттиевнинг маълум қилишича, бу борада бошқарма томонидан электрон паспортлар шакллантирилмаган. Фақатгина, 2022 йилда яшашга яроқсиз 28 та уй-жойларнинг рўйхати шакллантирилган, бироқ бу ҳақидаги маълумотлар электрон тизимга киритилмаган.
Шунингдек, давлат дастурлари доирасида қуриб фойдаланишга топширилган янги ижтимоий объектларнинг электрон паспортлари ҳам шакллантирилмасдан қолмоқда. Бунга сабаб сифатида ушбу объектлардан фойдаланишга рухсат этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги “Қурилиш соҳасига оид ягона маъмурий қурилиш регламентларини тасдиқлаш тўғрисида” 200-сон қарорига мувофиқ электрон электрон QR-код орқали эмас, балки анъанавий қоғоз шаклда амалга оширишга рухсат этилган. Ушбу объектлар бўйича маълумотлар Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясига тақдим этилмасдан қолаётганлиги маълум қилинди.
Юқоридагиларга кўра, Бухоро вилоятида мавжуд бино ва иншоотларнинг сейсмик заифлигини баҳолаш учун зарур бўлган бирламчи маълумотлар шакллантирилмаган. Бу эса ўз навбатида, аҳолининг сейсмик хавфсизлигини таъминлашга доир чораларнинг ўз вақтида кўрилишига тўсқинлик қилади деган хулосани беради.
Жамоатчилик мониторинги якунлари бўйича қуйидаги таклиф ва тавсиялар берилади:
- Вазирлар Маҳкамасининг 405-сон қарори талабларидан келиб чиқиб, вилоятдаги мавжуд бино ва иншоотларнинг электрон техник паспортларини шакллантиришга жавобгар давлат идораларининг масъул ходимларига “pasportbino.uz” тизимидан тўғри фойдаланиш (маълумотларни киритиш) бўйича қисқа муддатларда ўқув-семинарларини ташкил этиш;
- Давлат дастурлари асосида фойдаланишга топширилган барча ижтимоий объектлар тўғрисида зарур маълумотларни электрон базага киритилишини таъминлаш;
- Фойдаланишга рухсат этилган, бироқ визуал камчиликлар кўриниб турган бино ва иншоотларда инструментал текширувлар ўтказиш чораларини кўриш;
- Сейсмик паспортларни шакллантириш жараёнларида самарали жамоатчилик назоратини ташкил этиш бўйича жамоатчилик кенгашлари, маҳаллий ННТлар ва фуқаролар билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш.
"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати