Хоразм вилоятида ўтказилган жамоатчилик мониторинги тўғрисида
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси ҳамда Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш бўйича вилоят жамоатчилик гуруҳи аъзолари иштирокида жорий йилнинг 17-18 май кунлари Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги “2022—2026 йилларда Хоразм вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросига мувофиқ 2022 йилда қуриб фойдаланишга топширилиши белгиланган объектлар ҳолатлари ўрганилди.
Хоразм вилоятида дастур доирасида 2 022 та хонадонли 93 та кўп қаватли уйлар қурилиши белгиланган. Шунга кўра, вилоятда 2022 йил давомида жами 2 998 та хонадонли 105 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилган.
Шундан, Боғот туманида 4 та 80 хонадонли, Гурлан туманида 4 та 100 хонадонли, Қўшкўпир туманида 4 та 90 хонадонли, Тупроққалъа туманида 7 та 190 хонадонли, Урганч туманида 10 та 442 хонадонли, Урганч шаҳрида 20 та 858 хонадонли, Хива туманида 2 та 40 хонадонли, Хива шаҳрида 21 та 482 хонадонли, Хонқа туманида 7 та 166 хонадонли, Ҳазорасп туманида 7 та 140 хонадонли, Шовот туманида 3 та 60 хонадонли, Янгиариқ туманида 11 та 250 хонадонли, Янгибозор туманида 5 та 100 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар барпо этилган.
Шунингдек, мазкур Давлат дастури доирасида 2022 йилда жами 3 та тиббиёт муассасалари янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган. Хусусан, ушбу кўрсаткич Урганч туманида 2 та, Боғот туманида 1 тани ташкил этади.
Бундан ташқари, дастур доирасида 2022 йилда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2 та янги мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилган. Шундан, Гурлан туманида 1 та, Хива туманида 1 тани ташкил этади.
Жамоатчилик мониторинги давомида ташкилотлар томонидан тақдим этилган маълумотларга асосан қуйидагилар аниқланди:
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сонли қарори мувофиқ, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ижроси юзасидан 2022 йилда қурилиш ишлари якунланган 105 та кўп қаватли турар-жой биноларидан фойдаланиш учун тадбиркорларнинг электрон аризаларига асосан QR-код билан тасдиқланган электрон шаклдаги рухсатномалар тақдим этилганлиги;
Ҳудудий дастурлар доирасида қурилиш ишлари якунланган тиббиёт муассасалари, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотлари учун QR-код билан тасдиқланган электрон шаклдаги рухсатномалар тақдим этиш талаб этилмаслиги.
Бугунги кунда, қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш ишлари ўз муддатларида амалга оширилиб, бу борада давлат хизматлари кўрсатишда “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида муаммолар мавжуд эмаслиги билдирилди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 июндаги 405-сонли қарори бўйича вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан вилоятда янгидан қурилган жами 105 та кўп қаватли уй-жойлар, 3 та тиббиёт муассасалари, 2 умумтаълим мактаблари фойдаланишга топширилиб, уларнинг техник паспортларини шакллантириш ва белгиланган тартибда pasportbino.uz платформасига киритиш бўйича ишлар амалга оширилаётганлиги ва шундан бугунги кунга қадар ушбу янгидан қурилган объектлардан 105 та кўп қаватли уй-жойлар, 3 та тиббиёт муассасалари, 2 та умумтаълим мактабининг барчаси техник паспорти шакиллантирилиб, pasportbino.uz платформаси электрон тизимига киритилётганлиги кўрсатилди.
Шунингдек, жамоатчилик мониторинглари давомида 2022 йилда фойдаланишга топширилган объектлари ҳолатлари жойига чиқиб ўрганилди. Жумладан 2022 йилда фойдаланишга топширилган Гурлан тумани "Беш уй" маҳалласида 4 та кўп қаватли уйлар ("Бунёдкор" МЧЖ томонидан 20 та хонадонли 1 та, "Гурлан парвоз қурилиш" МЧЖ томонидан 40 та хонадонли 2 та, Қишлоқ қурилиш инвест томонидан 60 та хонадонли 1 та), 1 та умумтаълим мактаби (Гурлан тумани 45-сонли мактаб) ҳамда тиббиёт бирлашмаси (Гурлан тиббиёт бирлашмаси)да амалга оширилган ишлар ҳолати ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида туманда қурилган кўп қаватли турар-жой биноларидан фойдаланиш учун тадбиркорларнинг электрон аризаларига асосан QR-код билан тасдиқланган электрон шаклдаги рухсатномалар тақдим этилганлиги, кадастр паспортлари шакллантирилганлиги ҳамда қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш ишлари ўз муддатларида амалга оширилганлиги ўрганилди.
Шунингдек, ўтказилган мониторинглар давомида масъул ташкилотлари вакиллар ҳамда аҳоли вакиллари билан мулоқатлар жараёнида қуриб фойдаланишга топширилган объектларда бир неча муаммоли ҳолатлар мавжудлиги аниқланди.
Жумладан 2022 йилда қуриб фойдаланишга топширилган Гурлан тумани 45-сонли умумтаълим мактаби моддий-техника билан тўлиқ таъминланмаганлиги, мактабнинг лаборотория хонаси учун ажратилган лаборатория ускуналари белгиланган тартибда уланмаганлиги ҳамда унга шароитлар яратилмаганлиги, мактабнинг фудбол майдончаси қисми фақатгина шағал билан қопланганлиги ҳолатлари кузатилди.
Шунингдек, ҳали фойдаланишга топширилганлигига бир йил тўлмаган уйлар (2022 йилда қуриб фойдаланишга топширилган кўп қаватли уйлар)нинг уйларнинг ички қисмлари яъни аҳоли хонодонлари деворлари ёроқсиз аҳволга келиб қолганлиги ҳолатлари кузатилди.
Ўрганишлар юзасидан жамоатчилик вакиллари томонидан бир қанча таклифлар билдирилди:
- Кўп қаватли уйларни қуриб фойдаланишга топширишида фуқаролар йиғинлари раиси ҳамда вакилларини иштирокини кенгайтириш;
- Фойдаланишга топширилаётган объектлардаги мавжуд ҳолатларни доимий ўрганиб бориш, бу борадаги аҳоли муаммоларини ҳал қилиб бориш мақсадида шаҳарлар, туманлар халқ депутатлари кенгашлари депутатлари томонидан ўрганишларни ўтказиш ҳамда бу борадаги ишлар самарадорлиги ошириш;
- Шунингдек, мазкур муаммоларни ҳал қилишда шаҳарлар, туманлар ҳокимликлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари ролини ошириш;
- Умумтаълим мактабларда йўл ҳаракати қоидалари бўйича дарс машғулотлари соатларини ошириш ҳамда ривожланган давлатлар тажрибасини тадбиқ қилиш таклифлари билдирилди.
"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати