@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

EQUAL лойиҳасининг навбатдаги халқаро экспертлик муҳокамаси: Ўзбекистонда аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг самарали чоралари

 2023-06-06 20:13:00   |     Просмотров: 3292

2023 йилнинг 6 июнь куни Халқаро юристлар комиссияси, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси томонидан “Қонунчиликдан амалиётга: Ўзбекистонда аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг самарали чоралари” мавзусида халқаро жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.

Тадбир Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган “Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқни қўллаш сифатини ошириш” (EQUAL) лойиҳаси доирасида ташкил этилди.   

Маълумки, Ўзбекистонда оиладаги зўравонликни жиноий жавобгарликка тортадиган ва жинсий жиноятлар учун жазони кучайтирадиган қонун қабул қилинди. Бу аёллар ва болаларни қонунчиликдаги ҳимоясида бурилиш ясади. Эндиликда экспертлар ушбу қонунни халқаро ҳуқуқий нормаларга мувофиқ самарали амалга ошириш учун турли манфаатдор томонлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган давра суҳбатларини ўтказмоқда.

— Европа Иттифоқи делегацияси ва шахсан ўзим ушбу муҳим ҳамкорликни қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз. Оиладаги зўравонликни жиноий жавобгарликка тортишга, жинсий зўравонликни маъмурий ҳуқуқбузарлик деб тан олишга, аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонуннинг қабул қилингани жуда муҳимдир. Биз энди бу борада кўпроқ нима қилишимиз мумкинлигини муҳокама қилишимиз керак. Европа Иттифоқи Ўзбекистонда хотин-қизлар ва болалар фаровонлигига ҳисса қўшишга тайёр", - дейди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.

— Ҳар қандай қонуннинг қабул қилиниши муаммони ҳал қилишдаги биринчи қадамдир. Энг мураккаб қисми шундаки, қонунларни кундалик ҳаётга тадбиқ этиш, ҳар бир аёл, ҳар бир боланинг ўзини хавфсиз ва қадрли ҳис қилишини таъминлашдир. Қонунлар жамиятнинг барча соҳаларини қамраб олиши ва ижтимоий меъёрлар, хатти-ҳаракатлар ва муносабатларнинг ўрнатилишига таъсир қилиши керак", - дейди Европа ва Марказий Осиё дастурининг халқаро ҳуқуқшунослар комиссияси директори Темур Шокиров.

— Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларини, гендер тенглигини таъминлаш ва рағбатлантириш, аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича кенг институционал асос яратилган. Қонунчиликдаги сўнгги муҳим ўзгаришлардан бири – оиладаги зўравонликни жиноят деб ҳисоблаш, бунинг учун жавобгарлик белгиланишидир. Олий суд янги ўзгартишларнинг суд амалиётида тўғри қўлланилишини таъминлашга ҳаракат қилмоқда. Ўз навбатида, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига, хусусан, суриштирув ва тергов ҳаракатларини ўтказишда қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берилди. Жамиятда зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига тоқатсизлик муҳим аҳамиятга эга”, - дейди “Юксалиш” умумиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов.

— Биз Ўбекистонда яқинда қабул қилинган аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳақидаги қонунни олқишлаймиз. Бу мамлакатингизнинг ушбу йўналишдаги қонунчилигини босқичма-босқич такомиллаштиришга ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларига риоя қилишга тайёрлигини тасдиқлайди. Қонуннинг қабул қилиниши биринчи қадамдир. Уни амалга оширишнинг самарали воситалари ҳам мавжуд бўлиши керак. Зўравонликка дуч келганлар бу ҳақида жим турмаслиги, ўз сўзини айтиши керак. Уларни ҳимоя қилишда қонуннинг ишлаши учун аҳолининг қонундан хабардорлигини ошириш зарур”, - дейди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий вакили Фабио Пиана.

Эслатиб ўтамиз, тадбир Европа Иттифоқининг Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича Европа инструменти орқали молиялаштирилаётган ва Халқаро юристлар комиссияси томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқни қўллаш сифатини ошириш” лойиҳаси (EQUAL) доирасида ташкил этилди. EQUAL лойиҳасининг асосий мақсади – фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш орқали Ўзбекистонда камситилишга мойил бўлган гуруҳларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини тенг ҳимоя қилишга кўмаклашиш.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати