@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари бўйича ёзги мактаб ташкил этилди

 2023-08-18 17:22:57   |     Просмотров: 2638

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси ҳамкорлигида жорий йилнинг 14—18 август кунлари Ўзбекистондаги иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича Инсон ҳуқуқлари ёзги мактаб ташкил этилди.

Тадбир Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Халқаро юристлар комиссияси томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқни қўллаш сифатини ошириш” (EQUAL) лойиҳаси доирасида ташкил этилмоқда. EQUAL лойиҳасининг асосий мақсади — фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш орқали Ўзбекистонда камситилишга мойил бўлган гуруҳларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини тенг ҳимоя қилишга кўмаклашиш.

Беш кунлик Инсон ҳуқуқлари мактабида миллий ва халқаро тренерлар иштирокчиларга иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти учун энг яхши амалий воситалар билан илғор ва долзарб маълумотларни тақдим этди. Маърузалар, мунозаралар, амалий машғулотлар давомида халқаро ҳуқуқ ва стандартлардан миллий даражада фаол фойдаланиш воситалари қўлланилди. 

Мактабда нодавлат нотижорат ташкилотлари экспертлари ва ходимлари, фуқаролик жамияти фаоллари орасидан Ўзбекистон вилоятларидан 20 нафар иштирокчи танлов асосида саралаб олинди. Мактаб фуқаролик жамияти иштирокчилари ва уларнинг ҳукуматдаги ҳамкорлари салоҳиятини ошириш ва инсон ҳуқуқлари механизмларини илгари суриш учун трамплин вазифасини ўтади.
Таъкидлангандек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда халқаро ва миллий ҳужжатларимизда мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари асосларини такомиллаштириш борасида катта ютуқларга эришилди. Бу соҳада, жумладан, давлат бошқарувининг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, болалар, ёшлар ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминот масалалари бўйича сезиларли ютуқларни хорижий экспертлар, сиёсатшунослар ва халқаро ташкилотлар ҳам эътироф этмоқда.

Албатта, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги жараёнлар ҳануз камчиликсиз эмас, лекин шу билан бирга, идоралар ва ташкилотлар ўртасидаги мувофиқлаштириш сезиларли даражада яхшиланмоқда. Муаммоларни ҳал қилишда давлат органлари ва жамоатчиликнинг биргаликдаги фаолияти кўзга ташланади. Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти “Ўзбекистон 2021 йили пахтачиликда ишлаб чиқариш циклидан мажбурий ва болалар меҳнатини йўқ қилишга муваффақ бўлди”, деб эълон қилди. Натижада Cotton Campaign коалицияси томонидан ўзбек пахтасидан ўн йиллик глобал бойкот олиб ташланди.

Юз бераётган жараёнлар ортга қайтмас характерга эга, бу ҳақда давлат раҳбари бир неча марта таъкидлаган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия тасдиқлангани ҳам бунга ёрқин далилдир. Ушбу Стратегия — кўплаб халқаро ва жамоатчилик маслаҳатлашувлари маҳсулидир.

“Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим адолатли, инклюзив ва шахс шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қиладиган жамият қуришда муҳим роль ўйнайди. Ўзбекистонда кейинги йилларда инсон ҳуқуқлари бўйича таълимнинг аҳамияти кенг эътироф этилмоқда. Мамлакатда ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар давом этар экан, инсон ҳуқуқлари тамойилларини таълимга киритиш ва рағбатлантириш ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва жавобгарлик маданиятини шакллантиришнинг асосий стратегиясига айланди. Умид қиламизки, ушбу ёзги мактаб унинг иштирокчилари салоҳиятини оширишга, янги билимлар билан бойитишга, янги кўникмаларни ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун зарур воситалардан фойдаланишга ёрдам берди ҳамда адолатли ва тенг ҳуқуқли жамиятнинг узлуксиз ривожланишига ҳисса қўшди”, — деди "Юксалиш" ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов.

“Инсон ҳуқуқлари тамойиллари ва амалиётини миллий контекстда чуқурроқ тушунишга кўмаклашишга қаратилган, новаторлик ташаббуси бўлган Инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи ёзги мактаб очилганидан мамнун бўлдик. Бу Ўзбекистонда мутахассис-амалиётчилар учун  ўзгаришларни илгари суриш ва адолатни тарғиб қилиш мақсадида ишлаб чиқилган. Трансформацион дастур мамлакатда инсон ҳуқуқларини илгари суриш тарафдори бўлган турли мутахассислар, фаоллар ва ҳимоячилар гуруҳини бирлаштиради. Ўйлаймизки, интерфаол семинарлар, мазмунли муҳокамалар ва амалий машғулотлар орқали ушбу ёзги мактаб назария ва амалиёт ўртасидаги тафовутни бартараф этишга, иштирокчиларни ўз жамоаларида ва ундан ташқарида ижобий ўзгаришлар қилиш учун зарур воситалар ва ғоялар билан таъминлашга хизмат қилди. Биз янада адолатли ва тенг ҳуқуқли жамият сари ушбу ҳамкорликни қўллаб-қувватлаймиз”, — деди Халқаро ҳуқуқшунослар комиссиясининг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастурлари директори в.в.б. Темур Шокиров.

“БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Марказий Осиёдаги минтақавий бошқармаси Ўзбекистонда биринчи марта бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича ёзги мактабни қўллаб-қувватлашдан мамнун. Бу узоқ муддатли ҳамкорларимиз билан инсон ҳуқуқлари тамойилларини чуқурроқ тушуниш ва уларни амалда татбиқ этиш борасидаги ҳамкорликдаги ишимиз. Бир гуруҳ судьялар, адвокатлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, прокурорлар, фуқаролик жамияти фаолларини бирлаштирган ушбу ташаббус Ўзбекистон шароитида инсон ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган умумий мажбуриятимизни акс эттиради. Бир қатор ўқув семинарлари, интерфаол муҳокамалар орқали иштирокчилар инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш учун зарур бўлган билим ва кўникмаларга эга бўлди. Биз ушбу муҳим ташаббусни олқишлаймиз ва инсон ҳуқуқларидан хабардорликка қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда содиқ қоламиз”, — деди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Матилда Богнер.

Ёзги мактаб якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати