@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича Латвия тажрибаси ўрганилди

 2023-10-03 18:27:00   |     Просмотров: 1762

Жорий йилнинг 26-28 сентябрь кунлари Латвия маҳаллий бошқарув органлари ассоциацияси таклифига биноан “Юксалиш” ҳаракати раиси Б.Бекмуродов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ушбу мамлакатда бўлди. Мақсад – иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, табиий офатлар хавфини камайтириш ва экстремал об-ҳаво ҳодисалари таъсирини прогноз қилиш бўйича Латвия тажрибасини ўрганиш.

Ташрифнинг илк кунида делегация Рига шаҳрида Латвия маҳаллий бошқарув органлари ассоциацияси раҳбари Гинтс Каминскис билан учрашди. Унда Ҳаракат ҳамда Ассоциация ўртасида имзоланган ҳамкорлик Меморандуми доирасидаги вазифалар, икки давлатнинг экология, иқлим ўзгариши бўйича мавжуд муаммолари, уларни ҳал этиш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди. Ўз навбатида, делегация аъзолари Ўзбекистонда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари, шунингдек, давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ҳақида маълумот беришди.

Шунингдек, Латвия Иқлим ва энергетика вазирлигининг Иқлим ва энергетика молиявий воситалари департаменти директори Раймондс Кашс ҳамда мамлакатнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ташкилотлари, маҳаллий бошқарув органлари вакиллари билан учрашув ташкил этилди. Унда делегациямизга қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, иссиқхона газларини камайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди ҳамда “Латвиянинг 2030 йилгача бўлган иқлим ўзгаришига мослашиш режаси” билан таништирилди.

Ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларни амалга ошириш 2019 йилдан бошланган ва давом этмоқда. Унда 5 та стратегик мақсад кўзда тутилган. Булар:

• жинси, ёши ва ижтимоий табақасидан қатъи назар, одамларнинг ҳаёти, саломатлиги ва фаровонлигини иқлим ўзгаришининг салбий таъсиридан ҳимоялаш;

• иқтисодиётни иқлим ўзгаришининг салбий таъсирига мослаштириш ва иқлим ўзгариши берадиган имкониятлардан фойдаланиш;

• инфратузилмани ва қурилишни об-ҳавога чидамли, эҳтимолий иқлим хавфларини бартараф этиш учун режалаштириш;

• Латвия табиатини, маданий-тарихий қадриятларини сақланиб қолиш, иқлим ўзгаришининг уларга салбий таъсирини камайтириш;

• иқлим ўзгаришига мослашишни тармоқ сиёсати ва ҳудудий ривожланишни режалаштириш ҳужжатларига интеграциялаш, шунингдек, аҳолини хабардор қилишни қўллаб-қувватловчи илмий асосланган ахборот, жумладан мониторинг ва прогнозларни тақдим этиш.

Учрашувда Латвия Иқлим ва энергетика вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш ва экология қўмитаси ўртасида ҳамкорликни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Делегация аъзолари Сейма парламентида ҳам бўлишди. Парламентнинг Давлат ва маҳаллий бошқаруви комиссияси раиси Олег Буров Президент Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон билан Латвия ўртасидаги давлатлараро муносабатларни ривожлантириш борасидаги илғор сиёсати ва ташаббусларини юқори баҳолади. Мезбонларга юртимизда иқтисодиёт ва бизнес соҳасидаги ислоҳотлар, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлар тақдимот қилинди.

Бундан ташқари, делегациямиз Латвиянинг Саулкрасти, Сигулда ва Смилтене муниципалитетларида ҳам бўлди. Ушбу муниципалитетларда шаҳар ичидаги экологик ҳудудлар, яшил боғлар, ободонлаштириш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимлари билан танишишди.

Аввал хабар берилганидек, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Латвия маҳаллий бошқарув органлари ассоциацияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашиш бўйича барқарор сиёсатни режалаштириш” лойиҳасини ишга туширди.

Лойиҳани амалга ошириш учун иккита пилот ҳудуд — Бухоро ва Сурхондарё вилоятлари танлаб олинган.

Лойиҳа 2023 йилда Латвия Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳамкорликни ривожлантириш бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати