"Ташаббусли бюджет" маблағлари тақсимланишида фуқаролар иштироки муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 26 октябрь куни Тошкентда “Open budget”: Маблағлар тақсимланишида фуқаролар иштироки. Тажриба ва сабоқлар” мавзусида халқаро жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди.
Тадбирда маҳаллий ва қозоғистонлик экспертлар иштирокида ташаббусли бюджет механизми бўйича миллий ҳамда халқаро тажриба, шунингдек, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ўтказилган мониторинг натижалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, 2019 йил Ўзбекистонда жорий қилинган ташаббусли бюджет механизмлари ўтган вақт мобайнида кенг жамоатчилик томонидан ижобий қабул қилинди. Фуқаролар фикри ўрганилганда, улар бюджет маблағларини тақсимлашда бевосита иштирок этаётганидан, фарзандлари ва маҳалладошлари ҳаётини янада қулай ва яхшироқ қилишга эришаётганидан мамнунлигини билдирган.
Ташаббусли бюджетлаштиришга ажратилаётган бюджет маблағлари ҳам, лойиҳа таклифлари ҳам йил сайин ошиб бормоқда. Масалан, 2019 йилда 28,7 мингта таклиф бўлган бўлса, 2022 йилда 69,7 мингтага етган. Шу билан бирга, молиялаштириш учун танлаб олинган лойиҳалар сони ҳам ортиб бормоқда.
Жорий йилдан "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла” дастурлари жамоатчилик фикри асосида ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари орқали амалга оширила бошланди. Дастурлар доирасида молиялаштириладиган тадбирлар “Очиқ бюджет” портали (openbudget.uz)да фуқароларнинг овоз бериш йўли билан аниқланмоқда.
Шунингдек, порталда туман (шаҳар) бюджетларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун режалаштирилган маблағларнинг камида 50% қисмини фуқаролар фикри асосида йўналтирилишини таъминлаш мақсадида “Менинг йўлим” лойиҳаси ишга туширилди. Бу йилги мавсум учун 312 млрд сўмдан ортиқ маблағлар ажратилган.
Бундан ташқари, ташаббусли бюджет жараёнларида фуқаролар учун овоз бериш имкониятларини кенгайтириш ҳамда қулайликлар яратиш мақсадида Телеграмда махсус @ochiqbudjetbot ишламоқда. Бот орқали фуқаролар ўзини қизиқтирган лойиҳага овоз бериши мумкин. “Очиқ бюджет” порталида эса ғолиб деб топилган таклифларни молиялаштириш ҳолатини онлайн кузатиб бориш, жумладан, таклифларни молиялаштириш учун очилган хисобрақамлар, ажратилган маблағлар, уларнинг сарфланиши ва қолдиқ маълумотлари, расмийлаштирилган шартномалар ва тўлов топшириқномаларини тўғридан-тўғри кузатиб бориш имконияти яратилган.
Тадбирда қайд этилишича, “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари амалга оширилишида аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатаётган бир қанча ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Масалан, ғолиб деб топилган лойиҳаларининг молиялаштирилишида, белгиланган ишларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишида камчиликлар бор. Бу бўйича “Юксалиш” ҳаракати республика бўйлаб 135 та объектда ўрганиш ишларини олиб борган. Хусусан, жорий йил сентябрь ойи ҳолатига 16 та объект бўйича ишлар сифатсиз амалга оширилгани, 12 та лойиҳа бўйича ишлар якунига етмагани, 7 та объект бўйича ғолиб деб топилган лойиҳалар учун маблағ ажратилмагани ёки тўлиқ молиялаштирилмагани, 5 та объект бўйича ажратилган маблағлар мавжуд муаммоларни тўлиқ бартараф этишга етмагани аниқланган.
Тадбирда “Ташаббусли бюджет” доирасида мактабларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш ва уларда реконструкция ишларини амалга ошириш лойиҳаларига ўқитувчилар овоз тўплашга мажбур этилаётган ҳолатларга ҳам тўхталиб ўтилди. Мазкур масалада ўтказилган аноним сўровда респондентларнинг 15 фоизига “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларига овоз йиғиш вазифаси раҳбарият томонидан юклатилгани маълум бўлган. Президент қарорига кўра, овоз йиғишга мажбурлаш мажбурий меҳнатга жалб қилиш сифатида таснифланади.
Келгусида бюджет маблағларини тақсимлашда фуқаролар иштирокини янада такомиллаштириш, кузатилаётган камчиликларни такрорламаслик учун халқаро тажрибани ҳам ўрганиш мақсадга мувофиқ. Шу нуқтаи назардан, тадбирда АҚШ ҳамда Қозоғистон вакиллари иштирок этиб, фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Муҳокамалар якунида фуқаролар билан бамаслаҳат қилинадиган лойиҳалар кўламини кенгайтириш, шу жумладан “Ташаббусли бюджет”ни такомиллаштириш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ушбу тадбир АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштириладиган "Марказий Осиёдаги ижтимоий инновациялар" дастури доирасида Евроосиё жамғармаси кўмагида ташкил этилди. Дастурда минтақа фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, экспертларининг ўзаро конструктив мулоқоти учун "очиқ майдон" ташкил этиш, долзарб мавзуларда туркум жамоатчилик муҳокамаларини ўтказиш кўзда тутилган.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати