@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Ўзбекистонда ижтимоий масъулиятли бизнес. У қандай бўлиши керак?”

 2023-11-14 19:00:00   |     Просмотров: 2753

Давлат органлари, ишбилармон доиралар ва жамоатчилик вакиллари 14 ноябрь куни Тошкентда бизнесда ижтимоий масъулиятни оширишнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди. Мазкур бизнес форум республикамиз бўйлаб иш бошлаган Фаол фуқаролар ҳафталиги доирасида ташкил этилди.

Ижтимоий масъулиятли бизнес – жамиятнинг иқтисодий ривожланишида ва ҳаёт сифатини яхшилашда, тадбиркорлар ҳамда фуқаролик жамиятининг бирлашишида муҳим роль ўйнайди. Бугун жамиятда ижтимоий муаммолар кўпаяётган ва экологик инқироз юз бераётган шароитида, глобал геосиёсий, иқтисодий, маданий ва тарихий воқеликлар жараёнида масъулиятли бизнеснинг аҳамияти янада ошмоқда. Эндиликда бизнес тушунчаси нафақат даромад ёки фойдани, балки жамият ва атроф-муҳит олдида масъулиятли бўлишни ҳам англатмоқда.

Ҳўш, бу жараёнда фуқаролик жамияти ижтимоий масъулиятли бизнесга қандай таъсир ўтказа олади? Форумда бир неча жиҳатлар кўриб чиқилди. Жумладан:

  • Мониторинг. Фуқаролик жамияти компаниялар фаолиятини кузатиши ва уларнинг ижтимоий масъулиятини баҳолаши мумкин. Бунда экология, ижтимоий масъулият, ахлоқ ва бошқа соҳалардаги назорат кучайтирилади;
  • Фаоллик. Фуқаролик жамияти компания фаолияти билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратувчи, норозилигини билдирувчи, танқид қилувчи сифатида фаоллик кўрсатиши мумкин;
  • Ҳамкорлик. Фуқаролик жамияти компаниялар билан ижтимоий масъулият соҳасида ҳамкорлик қилиши мумкин. Бу камбағаллик, ишсизлик, экология муаммоларини ҳал қилишга қаратилган лойиҳаларни ўз ичига олади;
  • Қонунчиликка таъсири. Фуқаролик жамияти ижтимоий масъулият соҳасидаги компаниялар фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига таъсир қилиши мумкин. Бунда компанияларга муайян ижтимоий мажбуриятларни бажариш талаби қўйилади;
  • Хабардорликни ошириш. Фуқаролик жамияти компания билан боғлиқ муаммолар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилишда фаол қатнашиши мумкин. Бунда тарғибот ишлари ўтказилади, ахборот материаллари чоп этилади ва ҳк.

Шу тариқа ижтимоий масъулиятли бизнес ва фуқаролик жамияти жамиятдаги ижтимоий вазиятни яхшилаш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва барқарор иқтисодий ривожланиш каби умумий мақсадларга эришиш учун ўзаро ҳамкорлик қилиши мумкин. Шундагина жамият шунчаки ривожланган эмас, балки барқарор ривожланган жамиятга айланади.

Тадбирда ижтимоий масъулиятли бизнеснинг Ўзбекистон иқтисодий тараққиётидаги ўрни, бизнесга ижтимоий масъулиятни киритишнинг ўзига хос хусусиятлари, хорижий компанияларнинг ушбу йўналишдаги тажрибаси, бизнесни юритишда ижтимоий масъулиятни жорий этишнинг асосий сабаблари каби муҳим мавзуларда маърузалар қилинди.

Статистик маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг 90 фоиздан ортиғи бугунга келиб ҳаво ифлосланишининг даражаси меъёридан ошиб кетган ҳудудларда яшайди. Бу масъулиятсиз амалиётлар мана шундай экологик муаммоларга олиб келганини англатади.

Ижтимоий масъулиятли бизнес бу – корхоналар фаолиятлари натижасида атроф-муҳитга ва жамиятга етказилиши мумкин бўлган зарарнинг жавобгарлигини ўз зиммасига олиши ва бундан сақланишга интилишга қаратилган ҳаракатлар мажмуасидир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бизнес шароитларини яхшилаш борасида кўламли ишлар амалга оширилди. Бизнес муҳитнинг изчил яхшиланиши жараёнларида инсон ҳуқуқларини, экологик барқарорликни таъминлаш ва умуман жамият манфаатларига мос ва зарар етказмайдиган бизнесни ташкил этиш масалалари ҳам долзарб бўлиб боряпти.

Ғарбда бизнеслар нафақат даромад олиш учун, балки жамиятдаги маълум бир ижтимоий муаммоларни (камбағаллик, гендер тенгсизлик, ишсизлик ва бошқа) ҳал этишда ҳам қатнашишлари муҳим ҳисобланади. Компанияларнинг обрўси, имиджи ушбу тенденцияларга қараб баҳоланади.

Ўзбекистонга ҳам аста-секин бу тенденциялар кириб келмоқда. Тадбиркорлар эндиликда муваффақиятли бўлишни истаса, албатта, уларга эътибор қаратишлари керак бўлади.

Шунингдек, бугун дунёда ижтимоий масъул инвесторлар сони ҳам кўпайиб бормоқда. Яъни улар фақатгина масъулиятли бизнесларга сармоя киритмоқда. Ўзбекистон жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлиши учун бизнес эгалари корпоратив масъулият стратегияларини ишлаб чиқишлари керак бўлади. Бунда очиқлик, шаффофлик, ҳисобдорлик, аҳоли хабардорлигини ошириш муҳим.

Форумда иштирок этган корхоналардан бири “Биогомус” МЧЖ ўз тажрибаси билан ўртоқлашди. Корхона Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритади ва ўз фаолиятида ижтимоий масъулиятни йўлга қўйган, яъни қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда биологик тоза маҳсулотлардан фойдаланади, ишлаб чиқариш жараёнларида умуман чиқинди чиқармайдиган технологияларни йўлга қўйган. Корхона раҳбарининг таъкидлашича, ижтимоий масъулиятни зиммасига олганидан сўнг, хорижий инвестициялар ортган ва маҳсулотларини Европада энг етакчи бозорлар ҳисобланган Германия, Италия, Франция каби давлатларга экспорт қилиш имкониятлари ортган.

Форум якунида жамиятда ижтимоий масъулиятли бизнесни тушуниш маданиятини шакллантириш, ижтимоий масъулиятли бизнес компаниялари миллий рейтингини тузиш, масъулиятли тадбиркорлар тармоғини яратиш, замонавий бизнес-менежерларни тайёрлаш каби таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Евроосиё жамғармаси ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда ўтказилди.

“Юксалиш” умуммилллий ҳаракати матбуот хизмати