Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти қай даражада ва ундан оқилона фойдаланаяпмизми?
Экспертлар ва фуқаролик жамияти вакиллари 14 ноябрь куни Тошкентда ичимлик суви таъминоти ва ундан оқилона фойдаланишнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди. Ушбу тадбир Фуқаролик жамияти ҳафталиги доирасида ташкил этилди.
Дунёнинг кўплаб давлатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ичимлик суви танқислиги жиддий муаммолардан бири. Бугунда республикамиз аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 74,4 фоизни ташкил этади. Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида бу кўрсаткич 60 фоиздан кам. Таъминот бўйича республикадаги кўрсаткич энг паст ҳудуд Қашқадарё вилояти саналади — 51,6 фоиз. Айрим туманларда эса бу кўрсаткич 30 фоизга ҳам етмайди.
Маълумотларга кўра, сўнгги 6 йилда ичимлик суви соҳасига давлат бюджетидан 14 трлн 500 млрд сўм ёки олдинги даврга нисбатан 6 баравар кўп маблағ ажратилган. 31 минг километр ичимлик суви ва оқова тармоқлари ўтказилган. Бу ишлар натижасида 1 000 та маҳалладаги 6,5 миллион аҳоли яшайдиган хонадонларга илк бор тоза ичимлик суви кириб борди. Бироқ ҳали 30 та туман ва 1 минг 400 та маҳаллада ичимлик суви таъминотини яхшилаш керак.
Сув ресурслари чегараланган. Лекин кўп ҳолларда сув беҳуда йўқотилаяпти, истеъмолнинг аниқ ҳисоби йўқ. Айрим насослар, соҳа корхоналарига тегишли махсус техникалар эскирган.
Экспертлар иқлим ўзгариши, ер деградацияси, заҳиралар камайиши муаммони кенгайтираётганини таъкидлади. Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида ҳар гектарга сув сарфи айрим давлатларга нисбатан 2-2,5 баробар кўп. Чучук сувнинг 90 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилади. Сув ҳажми камайган, сув сифати ёмонлашгани, сувдан нооқилона фойдаланилмоқда. Ер ости ва ер усти сувларининг кадастри мавжуд эмас. Ер ости заҳираси сўнгги 15 йилда 21 та ҳудудда 3,5 млрд метр кубга камайиб, сув сатҳи 5 метр ва ундан ортиқ сатхгача пасайган. Ичимлик сувидан бошқа соҳаларда фойдаланиш авж олган.
“Ўзбекистон-2030” стратегияда ҳам сув ресурсларини тежаш масаласи устувор йўналишлардан бири бўлди. Стратегияда сувни ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш, ичимлик сувидан фойдаланиш юзасидан назоратни кучайтириш, маиший техник эҳтиёжлар учун алоҳида сув тармоқларини жорий қилиш вазифалари белгиланди.
Қайд этилишича, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятига жорий йил якунигача 12 минг км. тармоқ ҳамда 1300 та сув иншоотини қуриш ва таъмирлаш вазифаси қўйилган. Бунинг ҳисобига 145 та маҳалладаги 1 млн 100 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик сувидан баҳраманд бўлади, 2 мингта маҳалладаги таъминот яхшиланади. Бунинг учун ичимлик суви ва канализация тармоқлари, сув ҳамда канализация иншоотлари барпо этилиши зарур.
Форумда таъкидланишича, сув ресурсларининг камайиши ва танқислиги бутун дунёда кузатилаётган глобал муаммо. Ўзбекистон бундан тегишли хулосалар қилиб, сувни тежаш ва рационал ишлатиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик масаласида илмий ёндашув ва замонавий технологиялар ёрдамида ечим излаши зарур.
Бугун хориж мамлакатларида ҳаво сув буғидан ичимлик сувини олиш технологиялари қўлланмоқда. Технологиялар ҳар бир турар жой биносига ўрнатилиб, ҳаводан тоза чучук сув олинмоқда. Марказий Осиё мамлакатларида эса хонадонлардаги очиқ сув ҳавзалари (ҳовуз, бассейнлар) ичимлик суви билан тўлдирилади, автоуловларни ювишда ҳам тоза сув ишлатилади, боғлар ичимлик суви билан суғориладиган ҳолатлар ҳам бор. Умуман, сув исрофгарчилиги жуда юқори.
Бу масалада аҳолининг сувга бўлган муносабатини ўзгартириш зарурлиги таъкидланди. Уларнинг дунёқарашини эго-центрик принципдан эко-центрикка ўзгартириш, атроф-муҳит ва экологияга бўлган таъсирларини тушунган ҳолда ҳаёт кечиришларини кенг тарғиб этиш лозим бўлади.
Мазкур форум сувдан фойдаланиш, сувнинг ифлосланиши билан боғлиқ турли муаммоларнинг сабаб ва оқибатларини аниқлаш, таҳлил қилиш, тажриба ва билим алмашиш, шунингдек, аҳоли учун ичимлик суви сифатини яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш учун “мулоқот майдони” бўлиб хизмат қилди.
Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Ўзбекистондаги Huawei компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
“Юксалиш” умуммилллий ҳаракати матбуот хизмати