@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Давра суҳбати: “Аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни”

 2023-11-16 20:16:00   |     Просмотров: 1686

Мамлакатимизда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш, уларга бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизими самарали йўлга қўйилган. Бунинг натижасида фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериш йўли билан бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатилмоқда, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда инновацион усуллар, хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибалари татбиқ этиб келинмоқда. Ушбу жараёнларда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни қай даражада?

16 ноябрь куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ана шу мавзуда давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи давлат органлари, бепул юридик ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари ва кенг жамоатчилик вакиллари Ўзбекистонда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ҳолатини таҳлил қилди. Шунингдек, нотижорат ташкилотларининг бепул юридик ёрдам кўрсатишда дуч келаётган муаммо ва қийинчиликлари муҳокама қилинди, аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш ва бепул юридик ёрдам олиш имкониятларини кенгайтириш йўллари бўйича таклифлар ўртага ташланди.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги “Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Адлия вазирлиги томонидан “Advice.uz” (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот портали ишга туширилган. Портал орқали Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар онлайн режимда бепул ҳуқуқий маслаҳат олишлари мумкин.

“Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, туман (шаҳар)ларда уларнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилган.

Жорий йил бошидан “Юридик ёрдам” ахборот тизими ҳам ишга туширилди. Мазкур ахборот тизими доирасида, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини янада ошириш мақсадида улар учун адвокатлар томонидан ихтиёрий равишда бепул профессионал юридик ёрдам кўрсатилиши йўлга қўйилди. 

Телеграм мессенжерида “Huquqiy axborot” канали фаол юритилмоқда.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Нотариал палата билан ҳамкорликда уч йилдан буён “Ҳуқуқий маслаҳатлар куни” акциясини ўтказиб келмоқда. Акция республикамизнинг барча ҳудудларини қамраб олади. Шу вақтгача акция фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, нотариат соҳасини ислоҳ қилиш жараёнига фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, эксперт ва олимларни фаол жалб этишга хизмат қилиб келмоқда.

Тадбирда Тошкент давлат юридик университети қошида ташкил этилган юридик клиниканинг тажрибаси, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ўқитиш ва бепул юридик ёрдам кўрсатиш бўйича ЖИДУ юридик клиникаси фаолияти ҳақида маълумотлар берилди.

Лойиҳалар доирасида аҳолига ҳуқуқий ва психологик маслаҳатлар бериш амалиёти ва натижалар бўйича 18 дан 35 гача бўлган ёшлар учун Тошкент шаҳрида очилган Ижтимоий марказ тақдимот қилинди. Унда ёшларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Якунда аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда фуқаролик жамияти иштирокини кенгайтиришнинг галдаги қадамлари белгилаб олинди.

Мазкур тадбир Фуқаролик жамияти ҳафталиги доирасида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ЖИДУ ҳамда Ўзбекистон Нотариал палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати