@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Гендер тенглигини таъминлаш ва гендер зўравонликка қарши курашиш тизимини мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди

 2023-11-15 20:55:00   |     Просмотров: 1498

Жорий йилнинг 15 ноябрь куни Тошкентда парламент, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти вакиллари иштирокида БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларига мувофиқ гендер тенглигини таъминлаш ва гендер зўравонликка қарши курашиш тизимини мустаҳкамлаш масалалари бўйича давра суҳбати ўтказилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда гендер тенгликка, яъни хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Соҳага оид 20 дан зиёд қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди. Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.

2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланди. Стратегиянинг асосий мақсади — ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳақиқий тенглигини таъминлашдан иборат.

Шунингдек, Ўзбекистон БМТ Низомининг мақсад ва принципларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг бошқа умумэътироф этилган нормаларига амал қилиб келади.

Давра суҳбатида БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси бўйича мажбуриятларимизга амалдаги қонун ҳужжатларининг мувофиқлиги кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, миллий қонунчилигимизга ногиронлиги бўлган хотин-қизлар билан боғлиқ жиҳатларни, шунингдек, гендер асосидаги зўравонликка жавоб бериш тизимини мустаҳкамлаш, ногирон аёллар ва қизларнинг имкониятларини кенгайтириш масалаларини ҳисобга олган ҳолда тузатишлар киритиш мақсадга мувофиқ. 

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган аёллар турли камситишларга, зўравонликка дучор бўлаётган ҳолатлар йўқ эмас. Бунинг олдини олиш ва ҳимоя қилиш бўйича хизматлар ниҳоятда чекланган.

Маҳалла институтлари, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар ўртасидаги мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорликнинг етарли даражада йўқлиги маълумотлардан фойдаланишни қийинлаштирмоқда. Бутун мамлакат бўйлаб ногиронлиги бўлган аёллар ташкилотларининг кучли тармоғи мавжуд эмас.

Бундан ташқари, тадбирда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритаётган бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари, жумладан, Тошкент шаҳридаги “Шароит Плюс”, Самарқанд вилоятидаги “Раҳмдиллик” аёллар шелтери,  Фарғона вилоятидаги “Меҳржон” ва “Қалб нури” ташкилотлари ногирон аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига қарши курашиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.  

Тадбир якунида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди:

  • Ҳуқуқий тизимни мустаҳкамлаш, халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига, айниқса ногиронлик ва гендер тенглиги контекстида мувофиқликка олиб келадиган янги қоидалар ва сиёсатларни жорий этиш;
  • Хотин-қизларга нисбатан гендер зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, айбдорларни эрта аниқлаш ва жазолашни жорий қилиш;
  • Гендер зўравонликка учраганлар учун юқори сифатли инклюзив хизматлар, жумладан, жисмоний ва психологик реабилитация ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;
  • Фуқароларнинг хабардорлигини ошириш, бу жамоатчилик фикрини ўзгартиришга ёрдам беради ва инклюзивлик ва тенгликни қўллаб-қувватлайди.

Давра суҳбати “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди. Форум 17 ноябрга қадар давом этадиган Фуқаролик жамияти ҳафталиги дастурига киритилган.

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати