@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси билан ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди

 2024-01-13 19:40:15   |     Просмотров: 1638

Жорий йилнинг 11-12 январь кунлари бўлиб ўтган ҳисобот анжуманида “Юксалиш” ҳаракати ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси 2023 йилдаги ҳамкорликни сарҳисоб қилди ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олди.

Ҳаракатнинг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмалари ходимлари, Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси раҳбарияти иштирок этган анжуманда йиллик фаолият, амалга оширилган ва давом этаётган лойиҳалар сарҳисоб қилинди, истиқболдаги режалар тақдимот қилинди.

Бугунда Ҳаракат аъзолари сони 58 300 нафардан ошгани, ўтган йилнинг ўзида 40 мингдан зиёд фуқаролар аъзоликка қабул қилингани, етакчи ННТлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик йўлга қўйилгани, турли соҳалар бўйича маҳаллий ва хорижий экспертлар платформаси яратилгани алоҳида эътироф этилди.

Ҳаракат ҳузурида фаолият олиб бораётган Тошкент халқаро мунозара клуби, Марказий Осиё экспертлар альянси, Марказий Осиё нодавлат ташкилотлари форуми каби платформалар хорижий ва маҳаллий  350 дан зиёд эксперт ва сиёсатшуносларни ҳамда қарийб 50 та “ақл марказлари”ни бирлаштирувчи “майдон” бўлиб хизмат қилмоқда.

2023 йилда Ҳаракат томонидан халқаро ташкилотларнинг 2 млн долларга яқин грантлари жалб этилди. Улар асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож, қийин вазиятда қолган ва ногиронлиги бўлган ёшларни қўллаб-қувватлашга, Ўзбекистонда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашишга, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш ва аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашишда фуқаролик жамияти салоҳиятини кучайтиришга қаратилган янги лойиҳалар ишга туширилди.

Конституцияни ўзгартириш бўйича умумхалқ референдуми олдидан янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида иллюстрациялаштирилган интерактив форматдаги 24 та видеоматериал, 15 та махсус анимацион видео-ролик, электрон форматдаги 30 та постер, 14 турдаги флайер ва буклет тайёрланди.

Ўзбекистон Президенти сайловлари олдидан номзодларининг дастурларини кенг жамоатчиликка таништириш ва бўлиб ўтган дебатларни ёритишга кўмаклашиш мақсадида 20 та инфографика ва бошқа медиа материаллар тайёрланди. Президентликка номзодлар вакиллари теледебатларининг қизиқарли қисмларидан лавҳалар кенг тарқатилди.

2023 йилда “Юксалиш” ҳаракати фуқаролик жамияти йўналишида фаол ишлади. Миллий ва минтақавий даражада 2 та йирик тадбир:  “Фарғона водийсида дўстлик кўприклари” Марказий Осиё ёшлар форуми ва Аёллар ННТлари форуми ўтказилди. Анъанавий “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” 4 кун мобайнида 13 та ҳудудда ташкил этилди. Бу гал ичимлик суви таъминотидан тортиб, ижтимоий масъулиятли бизнес, ногиронлик ва гендер тенглик, маъмурий ислоҳотларгача долзарб масалаларга эътибор қаратилди.

Ҳафталик доирасида К.Аденауэр номидаги жамғарма ҳамкорлигида “Бошқарувда аёллар” мавзусида TED Talks форматидаги конференция ўтказилди. Унда Ўзбекистон хотин-қизларининг сиёсат ва жамият ҳаётидаги ўрни, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига таъсири муҳокама қилинди. Сўнгги йилларда хотин-қизлар тадбиркорлик соҳасида 37 фоизга, сиёсий партияларда 46 фоизга, олий таълимда 48 фоизга етгани, 2 мингга яқин давлат ва жамоат ташкилотларига аёллар раҳбарлик қилаётгани таъкидланди. Конференцияда жамғарма вакили мавзуга оид маълумотларни Германия мисолида сўзлаб берди.

Қайд этиш керак, “Юксалиш” ҳаракати ҳар йили давлат тузилмалари ва ташкилотларидаги раҳбар аёллар рейтингини эълон қилади. 2023 йилги рейтингдан нодавлат тузилмалари вакилалари ҳам ўрин олди. Чунки бугунда давлат сиёсатини шакллантиришда ва қарорлар қабул қилишда улар ҳам фаол иштирок этмоқда. Шунингдек, илк бора Марказий Осиёнинг етакчи аёллари Топ-40 рейтинги ҳам тузилди.

2023 йилда “Ҳаёт улаш” акциясига старт берилди. Акция доирасида Ўзбекистоннинг чекка маҳаллаларидаги 40 мингга яқин аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсад қилинган. Бугунгача Хоразм, Навоий, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларидаги олис маҳаллалар аҳолиси обиҳаётдан баҳраманд бўлди.

Йил давомида ҳудудлардаги Мустақил мониторинг ва баҳолаш жамоатчилик гуруҳлари томонидан давлат ва ҳудудий  дастурлар, шунингдек, Президент  ҳужжатлари ижроси юзасидан 182 та мониторинг ўтказилиб, 500 дан ортиқ турли хил объектларга бориб, ўрганилди. 71 та жамоатчилик муҳокамалари ва эшитувлари ташкил этилди. Ўрганишлар натижалари бўйича муқобил ҳисоботлар тайёрланди. Бунда Ҳаракатнинг Хоразм, Наманган, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларидаги бўлинмалари фаолияти самарали баҳоланди. Шунингдек, ҳудудий бўлинмалар томонидан вилоят ва туман кенгашларига 24 та масала киритилиб, ҳал этилишига эришилди. Мисол учун, Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидаги тиббиёт муассасаси фаолияти ўрганилганда, рентген аппаратларининг узлуксиз ишлаши учун қўшимча электр энергияси билан таъминлаш зарурати борлиги аниқланди. Ушбу масала Кенгаш сессиясига киритилди, шундан сўнг, маҳаллий бюджетдан 600 миллион сўм маблағ ажратилиб, зарур ускуналар харид қилинди.  

Ҳудудий бўлинмаларнинг жамоатчилик лойиҳаларини илгари суриши натижасида эса Навбаҳор туманидаги “Янги куч” маҳалла фуқаролар йиғинининг 5 та кўчасига қуёш батареялари ўрнатилди. Экологик вазиятни яхшилаш мақсадида Айдаркўл ва Арнасой кўлларида 15 гектар чўл майдонига саксовуллар экилди.

 “Юксалиш” ҳаракати 2023 йилда халқаро ташкилот мақомини олди. Жорий йилда минтақа ва ривожланган мамлакатлардаги жамоат институтлари, “ақл марказлари” ҳамда сиёсий доиралар билан алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашишни режалаштирган. Ҳаракат раиси Бобур Бекмуродов халқаро ташкилот истиқболларини белгилаш бўйича йиллик режани тақдимот қилди. Унга кўра, Ҳаракатнинг устувор мақсади – илғор хорижий тажрибаларни, глобал тараққиёт ғояларини илгари суриш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонлаги нуфузи ва таъсирини ошириш бўлади.

“Ўзбекистоннинг дўстлари” халқаро тармоғи, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, экологлар, тадбиркорлар, етакчи ёшлар, етакчи ННТларда иборат миллий тармоқлар, Ҳаракат аъзолари, экспертлар, жамоатчилик фикри лидерларидан иборат ҳудудий тармоқлар  яратилиши кўзда тутилмоқда.

Келгусида Ҳаракатнинг К.Аденауэр жамғармаси билан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан доимий ва тизимли мониторинг олиб бориш, турли муаммоли масалалаларда тадқиқотлар, сўровлар ва изланишлар ўтказиш, уларнинг ечими бўйича асосланган таклифлар илгари суриш каби йўналишларда ҳамкорлик қамровини янада кенгайтириш режалаштирилди.

Тадбирда йил якунлари бўйича энг фаол ишлаган, юқори натижаларни кўрсатган Ҳаракатнинг Навоий, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ҳудудий бўлинмалари тақдирланди.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати