#Yoshxabardor: Ёшларни коррупцияга қарши курашишга чорлайдиган янги лойиҳа
“Юксалиш” ҳаракати Search Uzbekistan ташкилоти билан ҳамкорликда АҚШ Давлат департаментининг Демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бюроси молиявий кўмагида #Yoshxabardor: “Ёшлар коррупцияга қарши” лойиҳасини бошлади.
Жорий йилнинг 19 январь куни янги лойиҳани амалга ошириш бўйича маслаҳат учрашуви ўтказилди. Унда лойиҳа босқичлари, кутиладиган натижалар, ёшлар билан ишлаш методлари муҳокама қилиниб, лойиҳа доирасида ўтказиладиган тадбирлар (семинар, тренинг, анжуман) режаси тузилди.
#Yoshxabardor: “Ёшлар коррупцияга қарши” лойиҳасининг мақсади – Ўзбекистонда давлат органларининг коррупцияга қарши саъй-ҳаракатларида ёшлар иштирокини кучайтириш, ёшларнинг коррупцияни олдини олиш ва хабардор қилиш тушунчаларини мустаҳкамлашда, уларнинг коррупцияга қарши хавфсиз ва конструктив тарзда курашиш бўйича янги кўникмаларга эга бўлишида амалий кўмак кўрсатиш.
Лойиҳадан кутилмалар: Ўзбекистон ёшларининг коррупция ҳақида хабардорлиги ва билими ортади, коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатлар кучайтирилади, бу борадаги бўшлиқларни тўлдириш учун мақсадли ёшлар ва ҳукумат ўртасидаги ҳамкорлик рағбатлантирилади.
Лойиҳа 18 ой мобайнида республикамизнинг Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилади. Ушбу мақсадли ҳудудлар, биринчи навбатда, ёшларга коррупциянинг номутаносиб таъсири, яхшироқ таълим олиш, ишга жойлашиш имкониятларини қидираётган ёшлар ўртасидаги миграция тенденциялари ўрганилган, кенг маслаҳатлашилган ҳолда танланган.
Асосий мақсадли гуруҳ – 16 дан 29 ёшгача бўлган ёшлардир. Ушбу ёш оралиғи таълим, соғлиқни сақлаш ва бандлик соҳаларида коррупциядан жабрланиш эҳтимоли катта бўлгани учун танланган.
Лойиҳа босқичларини уч компонент: билимга асосланган фаолият, кўникмага асосланган фаолият ва коррупцияга қарши ўз дастурларини ишлаб чиқишга тайёрлашга қаратилган ўқув дастури асосида ёшлар кластерларини ташкил этиш, якунда коррупцияга қарши ёшлар тармоғини яратиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, ёшларнинг соҳалардаги коррупцияни аниқлаш ва унга қарши курашишга қаратилган дастурларнинг ҳар бири 3 000 доллардан бўлган 5 та кичик грантлар ажратилади.
“Тенгдош тенгдошга” тамойили асосида ёшларнинг билим алмашишига қаратилган семинарлар, ёшлар ва давлатнинг манфаатдор томонлари ўртасида очиқ мулоқотлар, ўқув конференциялар ўтказиш, қўлланмалар ишлаб чиқиш ҳам режалаштирилган.
“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати