@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Аҳоли уй-жой сотиб олиши ва реконструкция қилиш учун субсидия тақдим этиш жараёнлари

 2024-08-05 10:19:49   |     Просмотров: 3021

Фуқароларга субсидия ажратиш жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш ва иқтисодий барқарорликни сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Бу чора даромадлардаги тенгсизликни камайтиришга, одамларнинг асосий эҳтиёжларини қондиришга ва уларнинг туршмуш даражасини яхшилашга ёрдам беради.

2024 йилда 27 минг фуқароларга субсидия бериш бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгиланган (20 000 нафар фуқарога янги уй-жой сотиб олиш ва 7 000 нафар фуқарога уй-жойини реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун). 2024 йилнинг 1 июл кунига қадар 3 415 нафар фуқарога (12,1%) 112,3 млрд сўм миқдорида субсидия тўланган.

2024 йилнинг 1 июн кунидан бошлаб "Маҳалла еттилиги" тавсияси асосида ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитлари ажратиш амалиёти жорий этилди.

2023 йилда “Юксалиш” ҳаракати томонидан ипотека кредитлари асосида аҳолини уй-жой билан таъминлаш жараёнини жамоатчилик мониторинги асосида ўтказилган  натижаларинга кўра, сўровнома иштирокчилари кўп йиллик қийинчиликлардан сўнг ўз уй-жойларига эга бўлганини билдиришди. Шу билан бирга, баъзи кўрсаткичларга эришишда тўсқинлик қилувчи бир қатор омиллар ҳам аниқланди. Шунингдек, субсидияларни тўлаш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар 2024 йилда ҳам долзарб бўлиб келмоқда.

Ўзбекистонда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш ва муҳтож қатламларга мақсадли ёрдам кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Бу соҳада уй-жой шароитини яхшилаш муҳтож оилаларга давлат бюджетидан уй-жой қийматининг 10% миқдорида субсидия берилади ва ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкасининг 10 фоиз бандининг ошган қисмини қоплаш учун субсидия ажратилади.

Хусусан, 2023 йилда 30 минг нафар фуқарога субсидия бериш бўйича ставкалар белгиланган (24 958 нафар фуқарога янги уй-жой сотиб олиш учун, улар ичида 5 042 нафар фуқаро 2022 йилдан ўтиб келган) жами 1 655,9 млрд сўм миқдорида белгиланган. 2023 йилнинг олти ойи давомида субсидия олиш учун 251 907 та ариза тушди (2022 йилга нисбатан 2,5 баробар кўп), шулардан 28 283 тасига ижобий хулоса берилди (2022 йилда ижобий хулосалар сони 29 000 та).

Маълумот учун: 2021 йил 9 декабрдаги ПФ-33-сонли Президент фармонига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда битта қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитининг максимал миқдори 327,3 млн сўмни, Тошкент шаҳрида еса 416,5 млн сўмни ташкил этади. Дастлабки тўловнинг бир қисмини (10%) қоплаш учун субсидиянинг белгиланган миқдори 32,0 млн сўмни, қолган 15,0 млн сўм (5%)ни еса қарз олувчи ўзи тўлаши лозим.

2023 йилда хонадонларнинг ўртача нархларини ўрганиш натижасида қуйидагилар аниқланди:

• Вилоят марказлари ва йирик шаҳарларда (коробка ҳолатдаги) хонадоннинг бир квадрат метри тахминан 6-10 миллион сўмни ташкил етади.

• Туманларда - 4,5-6 миллион сўм атрофида.

• Тошкентда - 12 миллион сўмдан юқори.

Шу ўринда, субсидия ҳисобидан уй-жой сотиб олувчиларда танлов имконияти чекланган, чунки нархлар кўпинча белгиланган, субсидия қиймати мавжуд. Бундан ташқари, субсидия олувчилар учун қурилиш ташкилотлари томонидан уй-жой тан-нархини сунъий равишда ошириб кўрсатиш ҳолатлари кузатилган.

Аҳоли томонидан қандай муаммолар қайд этилган?

Масалан, Наманган вилояти Норин туманида яшовчи тўрт фарзанд отаси Т.Б. 2022 йилда субсидия олган. Унга паст қаватлардаги арзонроқ хонадонларни нақд пулга, қимматроқ хонадонларни эса субсидияга таклиф қилишган. У таклиф этилган нархларни тўлай олмаслиги сабабли ипотекадан воз кечган.

Урганч шаҳрида яшовчи уч фарзанднинг онаси, бева М.Д., ўқитувчи бўлиб ишлайди ва 2023 йилда субсидия олган, бироқ қурувчилар ундан бир квадрат метр учун нақд 4 миллион сўм ўрнига субсидия ҳисобидан 5 миллион сўм сўраганлиги сабабли субсидиядан фойдалана олмаган

Самарқанд вилояти Оқдарё туманида яшовчи Д.А. субсидия ҳақида фақатгина мониторинг давомида билган, бу еса унинг ўз вақтида субсидиядан фойдаланишига имкон бермаган.

Андижон вилоятида яшовчи А.Д. айтишича, унга мос келадиган уй-жой ёки қурувчилардан керакли ҳужжатлар йўқлиги сабабли у кадастр ҳужжатини ўз вақтида олмаган, бу эса субсидия муддати тугашига олиб келган.

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида яшовчи К.Г. субсидия учун мос келадиган ҳужжатлари бор янги хонадон топа олмаган.

Субсидия тўғрисидаги хабарноманинг қисқа муддати

2023 йилда субсидия тўғрисидаги хабарноманинг амал қилиш муддати тўрт ойни ташкил этади. Қурилаётган уйларнинг аксариятида кадастр ҳужжатларининг йўқлиги фуқароларга уй танлаш ва ҳужжатларни ўз вақтида тайёрлашга тўсқинлик қилади.

Субсидиядан воз кечиш

Баъзи фуқаролар уй-жой учун дастлабки тўловни амалга ошира олмаганлиги сабабли субсидиядан воз кечишади.

Субсидия ҳисобидан уй-жой билан таъминлашга таъсир этувчи асосий омиллар:

• Янги уй-жойларнинг нархи қимматлиги;

• Субсидияга бериладиган уй-жойларнинг етишмаслиги;

• Объектларни топшириш бўйича аниқ режалар ва муддатларнинг йўқлиги;

• Тендерларни ўтказиш ва молиялаштиришда кечиккувлар, бу еса таъмирлашда узилишларни келтириб чиқаради.

Бу бўйича пойтахт аҳолиси нима дейди?

Тошкент шаҳрида яшовчи Г.М. 2024 йилда уй-жой қидираётганини, лекин шаҳарда нархлар жуда юқори еканлигини таъкидлади. Шу билан бирга, кадастр ҳужжатлари бор тайёр уйлар жуда қимматга тушиши, қурилиши тугалланмаган хонадонлар эса субсидия учун мос келмаслигини айтиб ўтди.

И.В. ҳам уй-жой қидираётгани, лекин субсидия олиш учун мурожаат қилганда, дастлаб мавжуд бўлган бир хонали хонадонлар бирданига сотилган ёки 200-300 миллион сўм миқдорида қўшимча тўлов талаб қилинаётгани аниқланди.

Г.Б. – давлат субсидиялари аслида ўз қийматини йўқотганини, қурувчилар уй нархини субсидия миқдорига ошириб, уй-жойни харид қилиш имкони мавжуд бўлмай қолганини айтишмоқда.

Шу билан бирга, кўпчилик ойлик даромадлари субсидияни ҳисобга олган ҳолда уй-жой ҳаражатларини қоплашга етарли эмаслигини таъкидлашди.

Юқоридаги муаммоларни олдини олиш ҳамда аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш учун қуйидагиларни таклиф етилади:

1.      Уй-жой ипотекасини субсидиялашни иккиламчи бозор учун ҳам рухсат бериш;

2.      Субсидиядан фойдаланиш муддатини узайтириш;

3.      Тошкент шаҳри ва марказий шаҳарларда ипотека кредитининг энг кўп миқдорига ошириш;

4.      Қурилаётган уй-жойларнинг пастки қаватларини маҳаллий ҳокимликлар буюртмаси асосида субсидия олувчилар учун резервлаш.

"Юксалиш" ҳаракати матбуот хизмати