Иқлим ўзгариши: бугуннинг ўзидан ҳаракатни бошлаш керак
Тошкентда “Ўзбекистонда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашиш учун барқарор сиёсатни режалаштириш” лойиҳасининг якунланишига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.
Иштирокчилар қайд этишларича, Ўзбекистонда давлат даражасида экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, иқтисодиётнинг турли соҳаларига янги, экологик тоза технологияларни жорий этишга қаратилган узоқ муддатли стратегиялар қабул қилинди ва амалга оширилмоқда. Улар орасида “2030 йилгача мўлжалланган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси”, “2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил иқтисодиёт”га ўтиш Стратегияси”, “2019-2028 йиллар даврига мўлжалланган қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларини амалга ошириш стратегияси” кабилар бор.
“Юксалиш” ҳаракати Латвия маҳаллий бошқарув органлари ассоциацияси билан ҳамкорликда Латвия Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг молиявий кўмаги остида “Ўзбекистонда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашиш учун барқарор сиёсатни режалаштириш” лойиҳасини амалга оширди.
Мақсад – маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари салоҳиятини ошириш, жамоатчиликни иқлим ўзгаришининг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари ҳақида хабардор қилиш ва уларни қарорлар қабул қилиш жараёнига жалб қилишдан иборат.
Якуний конференцияда қўшма лойиҳанинг натижалари тақдим этилди. Лойиҳа доирасида иккита мақсадли ҳудуд – Бухоро ва Сурхондарё вилоятлари танлаб олинди. Бу ҳудудларда иқлим хавфлари таҳлили ўтказилди.
– Барқарор сиёсатни режалаштириш Ўзбекистонда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишда асосий рол ўйнайди, чунки бу табиий ресурсларни самарали бошқариш ва хавфларни камайтириш имконини беради, – таъкидлаб ўтди “Юксалиш” ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов. – Экотизимларнинг маҳаллий хусусиятларини ҳисобга олиш ва қишлоқ хўжалиги ҳамда сув ресурсларининг ўзгараётган шароитларга мослашишига ёрдам бера оладиган мослашиш стратегияларини ишлаб чиқиш муҳимдир. Ҳукумат, бизнес ва жамоатчиликнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари Ўзбекистоннинг ўз иқлим барқарорлигини мустаҳкамлаш ва авлодларнинг келажагини ҳимоя қилишга ёрдам беради.
Қарор қабул қилувчи ташкилотлар учун латвиялик экспертлар билан биргаликда лойиҳа натижалари бўйича хориж тажрибаси асосида пилот ҳудудлар учун мослашиш чора-тадбирлари мажмуаси, шунингдек, иқлим ўзгаришини комплекс бошқариш ва табиий офатлар хавфини камайтириш тамойилларини ишлаб чиқиш бўйича услубий қўлланмалар ишлаб чиқилди.
– Мослашиш ва чоралар сиёсатининг мақсади иқлим ўзгаришига чидамлиликни оширишдан иборат, – дейди Латвия маҳаллий бошқарув органлари ассоциацияси раиси Гинтс Каминскис. – Мослашиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга янада кенг кўламли сармоялар киритишга кўмак бериш учун жамоат гуруҳлари ва хусусий секторни жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Мухим қадам сифатида мослашув эҳтиёжларини интеграция қилишдир, айниқса сув сифатини ва соғлиқни сақлашни таъминлаш каби соҳаларда. Умид қиламизки, лойиҳа натижалари нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақасида иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасида катта саъй-ҳаракатларнинг дебочаси бўлади.
Лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг шу йўналишдаги қарор қабул қилувчи шахслари, маҳаллий ҳокимият органлари, фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятини мустаҳкамлаш учун семинар-тренинглар, “давра суҳбатлари” ўтказилди. Лойиҳанинг энг муҳим компонентларидан бири – бу Ўзбекистоннинг иқлим ўзгариши соҳасидаги қонунчилигини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилганлиги ва уларни тегишли ташкилотларга киритилишидадир.
Ўзбекистондаги Латвия элчихонасидаги якуний анжумандан сўнг учрашув ўтказилиб, унинг доирасида ҳамкорлик тафсилотлари ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот учун: “Ўзбекистонда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашиш учун барқарор сиёсатни режалаштириш” лойиҳаси “Юксалиш” ҳаракати томонидан Латвия маҳаллий бошқарув органлари ассоциацияси (LPS) билан ҳамкорикда амалга оширилди.
“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати