@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистон ва Тожикистон ёшлари экологик ташаббусларни муҳокама қилди

 2024-10-03 11:06:18   |     Просмотров: 2383

“Юксалиш” ҳаракати Сўғд вилоятининг Гулистон шаҳрида (Тожикистон) бўлиб ўтган “Сирдарё ҳавзаси ёшларининг 2-форуми”да иштирок этди.  

Тадбирни Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ёшлар гуруҳи Тожикистон Республикаси Сув ресурсларини бошқариш бўйича Миллий лойиҳаси доирасида Сўғд вилояти Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бош бошқармаси ва Сўғд вилояти давлат ҳокимияти ижро органи кўмагида ўтказди.

Шунингдек, форумда Тошкент, Фарғона ва Андижон вилоятларидан педагоглар раҳбарлигидаги ўқувчилар, Республика “Тараққиёт” маркази, шунингдек, “Истиқболли авлод” ННТ вакиллари иштирок этди.

Форум доирасида Ўзбекистон ва Тожикистон “Яшил патруллари” фаолиятининг тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу эко-бирлашмалар муваффақияти тарихи, маҳорат дарслари, квестлар тақдим этилди, “Яшил патруллар” ўқитувчилари тақдирланди. Жумладан, Андижон вилояти Қўргонтепа тумани 24-мактаб директори Дилафруза Исмоилова ҳам эътироф этилди.

– Мазкур ёшлар форуми Марказий Осиё учун муҳим воқеа бўлди, чунки у минтақадаги экология ва сув муаммоларини ҳал қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиради,– деб таъкидлайди фуқаролик институтлари билан ҳамкорлик бўлими бошлиғи Саида Мустафаева. – Форум нафақат эко-онглиликни ривожлантиришга кўмак беради, балки табиий ресурлардан оқилона фойдаланиладиган, экология ва иқтисодиёт уйғунликда ривожланадиган барқарор келажакни шакллантириш майдони бўлиб хизмат қилади.

Форум минтақа мамлакатларидан келган ёшлар учун мулоқот майдони яратдики, унда экологик тафаккур ва табиий ресурслардан фойдаланишнинг янада ишончли амалиётларини шакллантириш бўйича муҳим масалалар ҳал қилинди. Ёшлар экологик ташаббус бўйича билимларни тарқатиб ҳамда маҳаллий ҳамжамиятларни шу ташаббусларга жалб қилиб, мазкур ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланишми мумкин.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати