@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Бошланғич мактабга қабул қилишда коррупция хавфи: нималар ўзгарди?

 2024-10-31 14:08:00   |     Просмотров: 2493

Жорий йилнинг 30 октябрь куни пойтахтимизда бошланғич мактабга қабул қилишда коррупция хавфини камайтириш бўйича тавсияларнинг амалга оширилишини баҳолашга бағишланган жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди.

Тадбирда парламент қўмиталари, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги, коррупцияга қарши курашишга масъул идоралар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар, журналистлар иштирок этди.

Учрашувдан кўзланган мақсад Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, “Юксалиш” ҳаракати ҳамда “Минтақавий мулоқот” халқаро ноҳукумат ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Аксилкоррупция лабораторияси” лойиҳаси доирасида 2021 йилда бошланғич мактабга  болаларни қабул қилишда коррупция хавфини баҳолаш бўйича ўтказилган тадқиқот якунлари асосида Мактабгача таълим вазирлигига таклиф этилган тавсияларнинг ижроси мониторинги натижаларини муҳокама қилишдан иборат.

Маълумот ўрнида: Мазкур тадқиқот натижалари коррупциянинг асосий хавф омилларини аниқлади. Хусусан, бюджет маблағларининг етишмаслиги ва унинг шаффофлиги, инфратузилма ва малакали педагог кадрларнинг етишмаслиги, мактаб ходимларининг иш ҳақи даражасининг пастлиги, таълим субъектларининг ҳалоллиги ва одоб-ахлоқининг яхлит тизими йўқлиги ва бошқалар. Аниқланган коррупциявий хавф омиллари учун уларнинг бирламчи аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда 29 та чора-тадбирни қамраб олган 10 та асосий тавсиялар ишлаб чиқилган.

Ишчи гуруҳи томонидан тадқиқотдан уч йил ўтиб нималар ўзгаргани, мактабга қабул қилиш, молиялаштириш, инфратузилмани ривожлантириш жараёнларининг шаффофлик ҳолати таҳлил қилинди.  

Тадқиқот шуни кўрсатдики, мамлакатдаги мактабларнинг 88 фоиздан ортиғи мактабга қабул қилишнинг рақамли хизмати билан қамраб олинмаган. Бу шуни англатадики, республикадаги аксарият мактабларга ота-оналар шахсан ариза беришлари керак, бу эса мактабга қабул қилишда коррупция хавфи сақланиб қолганлигидан далолат беради. Аниқланган камчилик ва заифликлар таълимдан тенг фойдаланиш тамойилларини ҳимоя қилиш учун қўшимча чора-тадбирлар зарурлигини таъкидлайди.

Тадқиқот шунингдек, тавсия этилган амалиётларга риоя қилиш коррупция хавфини камайтиришга ёрдам беришини кўрсатди, аммо доимий мониторинг ва мослаштиришни талаб қилади. Ушбу хулосалар таълимда коррупцияга қарши сиёсат соҳасида янада самарали стратегияларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Тадбир доирасида экспертлар томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар танқидий муҳокама қилинди. Жумладан, ажратилаётган молиявий ресурсларнинг шаффофлиги, етарлилигини таъминлайдиган ягона очиқ маълумотлар платформасини ишлаб чиқиш, мактабларнинг эҳтиёжлари, тушумлари, харажатларини акс эттирувчи ягона шаффоф платформани яратиш, ўқитувчиларнинг иш ҳақи мавзусида таҳлилий тадқиқот ўтказиш, ахлоқий етакчиликни жорий этишни қонунчиликда мустаҳкамлаш зарурлигига урғу берилди.

Шунингдек, республикадаги барча мактабларни онлайн қабул платформаси билан қамраб олишни таъминлаш, ўқитувчиларнинг иш ҳақини ошириш, мактаблардаги тирбандликни камайтириш, педагогик карьерани режалаштираётган абитуриентларни университетларга имтиёзли қабул қилиш чора-тадбирларини тўлиқ якунига етказиш лозимлиги қайд этилди.

 “Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати