@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

«Ижтимоий масъулият ва ижтимоий тадбиркорлик» форуми

 2024-12-03 13:57:41   |     Просмотров: 2247

3 декабрь куни Фуқаролик жамияти ҳафталиги доирасида «Ижтимоий масъулият ва ижтимоий тадбиркорлик» жамоатчилик форуми бўлиб ўтди.

“Юксалиш” ҳаракати томонидан шериклар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда давлат органлари, ишбилармон доиралар, халқаро экспертлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари қатнашди.

Иштирокчилар таъкидлашича, ижтимоий масъулиятли бизнес нафақат мижозлар, ходимлар ва ҳамкорлар, балки жамият ва атроф-муҳит олдидаги масъулиятни оширишни назарда тутади. Бундай бизнес ахлоқий тамойилларга, жумладан, инсон ҳуқуқлари, меҳнат қонунчилигини ҳурмат қилиш, барча манфаатдор томонлар билан ҳалол муносабатлар ва бизнесдаги шаффофлик асосига қурилган.

Муҳокама давомида компанияларга нафақат ишлаб чиқариш жараёнлари самарадорлигини ошириш, балки жамият ва атроф-муҳитга ижобий таъсир кўрсатиш имконини берувчи ижтимоий ва экологик ташаббусларни бизнес моделига интеграциялашуви масалаларига эътибор қаратилди.

Тадбирнинг очилиш қисмда «Юксалиш» ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмитаси раиси Бобур Бекмуродов сўзга чиқди.

– Бугун ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ва камбағалликни қисқартиришда ижтимоий тадбиркорлик бутун дунёда трендга айланаётган механизм ҳисобланади. Тадбиркорларимиз нафақат рақобатбардош бўлиши, балки инсон ҳуқуқлари, экология ва ижтимоий барқарорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратишлари лозим. Бизда ижтимоий бизнес бор, фақат уни кенгроқ тарғиб қилишимиз керак.

Муҳим жиҳатлардан бири атроф-муҳитни муҳофаза қилишдир: компаниялар атроф-муҳитга кўрсатаётган таъсирларини камайтиришга, ресурслардан самарали фойдаланишга, чиқиндиларни камайтиришга ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ташаббусларини қўллаб-қувватлашга интилади. Шу билан бирга, ижтимоий масъулиятли бизнес жамият тараққиётига сармоя киритиш, таълим, маданият ва спорт лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун иш ўринлари яратиш, хайрия тадбирларида фаол иштирок этиш каби тадбирларни амалга оширмоқда. 

Ходимларга ғамхўрлик қилиш ҳам муҳим роль ўйнайди, чунки бу -муносиб меҳнат шароитлари яратиш, адолатли иш ҳақи, касбий ўсиш имкониятларини таъминлаш, инклюзив ва хавфсиз иш муҳитини яратишдир. Бундай компаниялар мижозлар билан муносабатларда юқори сифатли товарлар ва хизматларни тақдим этадилар, ахлоқий маркетингни амалга оширадилар ва истеъмолчилар манфаатларини ҳисобга оладилар, улар билан алоқада бўлиб, фаол ҳамкорлик қиладилар.   

Ижтимоий масъулият инновацияларда ҳам намоён бўлади: ижтимоий муаммоларни ҳал қилувчи маҳсулотлар ишлаб чиқиш, стартаплар ва ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш стратегиянинг муҳим қисмига айланмоқда.

Ижтимоий масъулиятга йўналтирилган бизнес мижозлар ва ҳамкорларнинг ишончини мустаҳкамлайди, ходимларнинг содиқлигини оширади, барқарор ривожланишдан манфаатдор инвесторларни жалб қилади ва илғор компания сифатидаги нуфузини оширади. Бу шунчаки тренд эмас, балки бизнес, жамият ва табиат манфаатларини бирлаштирган, баркамол келажакни яратувчи узоқ муддатли ёндашувдир.

Фуқаролик жамияти ҳафталигининг иккинчи кунида бўлиб ўтган «Ижтимоий масъулият ва ижтимоий тадбиркорлик» форумида Прогрессив ислоҳотлар маркази директори Миршоҳид Аслонов сўзга чиқди ва соҳадаги муаммоларни санаб ўтди:

– Ўтган йил камбағалликни 11%га қисқартиришга эришилди. Аммо ҳали қилинадиган ишлар кўп ва бунда тадбиркорлар армияси давлатга кўмаклашиши керак. Ҳозирда ижтимоий тадбиркорлик борасида Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлар тажрибасини ўрганяпмиз. Ҳал қилинадиган ишлар кўп. Биринчиси, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш, ижтимоий корхоналар учун имтиёзлар яратиб бериш. Иккинчиси, ижтимоий йўналтирилган тадбиркорлик субъектларини доимий қўллаб-қувватлаш учун уюшма ташкил этиш. «Ёрдам бериш осон», «Имконият» ва шу каби ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлайдиган ташкилотлар кўп, лекин ҳаммаси ҳақида билмаймиз. Соҳадаги бўшлиқларни аниқлаб, муаммоларни ҳал этсак, ижобий ўзгаришларга эришамиз.

Форум якунида ижтимоий масъулиятли бизнесни тушуниш маданиятини шакллантириш, ижтимоий масъулиятдан ижтимоий бизнесга ўтиш, шунингдек, замонавий бизнес менежерларини тайёрлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. 

«Ижтимоий масъулият ва ижтимоий тадбиркорлик» жамоат форуми барқарор ва ижтимоий йўналтирилган тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббус ва келишувларни муҳокама қилиш имконини берди. Иштирокчилар асосий ижтимоий ва экологик муаммоларни ҳал қилиш учун ижтимоий масъулият тамойилларини бизнес жараёнларига интеграция қилиш зарур, деган хулосага келишди.