@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Пойтахтда Жамоатчилик кенгашлари форуми ўтказилди

 2024-12-03 16:43:24   |     Просмотров: 2500

3 декабрь куни Фуқаролик жамияти ҳафталиги доирасида «Renessans» кино уйида Жамоатчилик кенгашлари форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, экспертлар ва фаол фуқаролар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистонда фуқаролик институтларини мустаҳкамлаш, уларнинг эркин фаолиятини таъминлаш ва давлат органлари ҳамда жамият ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида катта ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Умуман, уларнинг ижтимоий ҳамкорлигини йўлга қўйишда Жамоатчилик кенгашларининг аҳамияти катта эканлиги айтилди.

Маълумот: Жамоатчилик кенгашлари — доимий фаолият кўрсатувчи маслаҳатчи орган бўлиб, ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. Улар давлат органи раҳбари қарорига биноан  ташкил этилади.

Фуқаролик жамияти ҳафталиги доирасида ўтказилаётган Жамоатчилик кенгашлари форумида «Юксалиш» ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Бобур Бекмуродов бу институтнинг аҳамияти ҳақида сўзлади:

– Демократик ривожланиш йўлини танлаган давлат борки, барчаси бу йўналишдаги институтларни ривожлантиришга ҳаракат қилади. Шундай институтлардан бири бу жамоатчилик кенгашларидир. Уларнинг самарали фаолияти орқали ўша давлат идорасининг фаолиятини ҳам баҳолашимиз мумкин. Оддий қилиб айтганда, жамоатчилик кенгашлари ўз фаолиятини қанчалик мустақил ва ошкора ташкил эта олса, ўша вазирлик ёки идоранинг фаолиятига нисбатан жамоатчиликда ортиқча саволлар туғилмайди.

Бироқ, ҳали ҳузурида жамоатчилик кенгашлари ташкил этилмаган ёки ташкил этилган бўлса ҳам, амалда фаолият юритмайдиган айрим идоралар бор. Асосий вазифамиз жамоатчилик кенгашлари фаолиятини йўлга қўйиш ва уларнинг ишини моҳиятан тўғри ташкил қилишдан иборат.

Жамоатчилик кенгашлари давлат органлари фаолиятида фуқаролар манфаатларининг сақланишини назорат қилиш, жамият фикри ва ижтимоий сўровларни мониторинг қилиш, давлат ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни яхшилаш бўйича таклифлар киритиш имконини беради.

Форум иштирокчилари Президентнинг «Фуқаролик жамияти институтларига давлат томонидан кўрсатилаётган ёрдам тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 26 август куни қабул қилинган фармони ривожланишнинг янги чора-тадбирларини белгилаб берганини таъкидладилар. Энди давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари раиси фуқаролик жамияти институтлари вакиллари орасидан тасдиқланади. Жамият кенгашларининг фаол аъзолари давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан моддий рағбатлантирилади.

Тадбирнинг кириш қисмида Aдлия вазирлигининг Нодавлат нотижорат ташкилотлари бошқармаси бошлиғи Хайрилло Собиров соҳа кун тартибидаги масалаларга тўхталиб, муҳим таклифни илгари сурди:

– «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунга концептуал ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш вақти келди. Бу борада халқаро тажрибаларни ўрганиб, самарали механизмларни қўллаш ҳамда жамоатчилик кенгашлари ишини ташкиллаштириш тартиб-қоидаларини бугунги кун талабларидан келиб чиқиб қайта белгилаш устувор аҳамият касб этади.

Очиқ мулоқот доирасида, нафақат жамоатчилик кенгашлари билан боғлиқ қонунчилик ўзгаришлари, балки кенгашларнинг давлат органлари билан ҳамкорлиги масалалари ҳам муҳокама қилинди. Шунга алоҳида эътибор қаратилдики, яқиндан ҳамкорлик қилиш ижтимоий аҳамиятга эга вазифаларни ҳал қилишга ва фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини оширишга ҳисса қўшади. Бу ўз навбатида демократик ислоҳотларни мустаҳкамлашга, давлат органларига бўлган ишончни оширишга ва фуқаролар билан самарали ҳамкорлик механизмини яратишга қаратилган.