@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистон аёллари: тенглик ва янги ютуқлар сари қадамлар

 2024-12-04 16:45:50   |     Просмотров: 2645

4 декабрь куни “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида “Юксалиш” ҳаракати томонидан KOICA ҳамкорлар кўмагида ташкил этилган “Aёллар нодавлат нотижорат ташкилотлари” форуми бўлиб ўтди.

Форумда Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида эришилган ютуқлар қайд этилди. Ўтган беш йил давомида хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган 80дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани Конституциямизнинг янгиланган таҳририда ҳам ўз ифодасини топди. “Ўзбекистон–2030” стратегиясига киритилган мақсадлар аёлларнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шунингдек, гендер тенглигига эришишни кўзда тутади.

“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”, “Хотин-қизларни тайзиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги асосий қонунлар меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг гендер экспертизаси, миллий гендер бюджети ва гендер аудити тушунчаларини белгилайди.

Жаҳон банкининг 2024 йилги Ўзбекистондаги гендер ҳисоботида оиладаги зўравонликка қарши кураш, аёлларнинг таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш имкониятлари таъкидланган. Ислоҳотлар, жумладан, Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилган ўзгартишлар оналар ва болалар ўлимининг камайишига хизмат қилди.

Aёлларнинг сиёсий фаоллиги ҳам ортиб бормоқда. Сайлов тизимида депутатликка номзод аёллар учун квоталар 30 фоиздан 40 фоизга, давлат бошқарувида аёлларнинг улуши 2017 йилдаги 27 фоиздан 2024 йилда 35 фоизга оширилди. Жаҳон банкининг “Aёллар, бизнес ва қонун” ҳисоботига кўра, Ўзбекистон гендер тенглигига эришган етакчи беш давлат қаторига киради.

Aсосий мавзулардан бири аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва ижтимоий шериклик истиқболларини излаш бўлди. Иштирокчилар қонунчилик чора-тадбирларидан тортиб, аниқ қўллаб-қувватлаш дастурларигача бўлган кенг кўламли масалаларни муҳокама қилдилар.

Форум давомида иштирокчилар қуйидагиларни таъкидладилар:

• гендер асосидаги зўравонликка қарши курашиш бўйича ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш;

• профилактика ва реабилитация дастурларини кенгайтириш;

• иқтисодий ва ижтимоий ташаббусларга кўпроқ аёлларни жалб қилиш;

• ННТларнинг давлат ва халқаро тузилмалар билан фаол ҳамкорлиги.

Форум иштирокчилари аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро мажбуриятларни бажариш, хотин-қизлар нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлигини кучайтириш бўйича тавсиялар берди. Таъкидланганидек, йўлга қўйилган ҳамкорлик ва ишлаб чиқилган ташаббуслар долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистонда тенглик ва адолатни мустаҳкамлашга хизмат қилади.