Яна бир ташаббус: Сирдарёда экологик муаммо бартараф этилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонида “Юксалиш” ҳаракатининг фуқаролар томонидан кўтарилаётган ташаббусларни умумлаштириш ва фуқаролик жамияти институтларини жалб қилган ҳолда жамоатчилик лойиҳаларини илгари суриш таклифи маъқулланган.
Шунга мувофиқ, Ҳаракат томонидан 2024 йилда 61 та жамоатчилик лойиҳаси илгари сурилди. Мазкур лойиҳалар доирасида ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган бир қатор долзарб масалаларга ечим топилди ва аҳолининг кундалик ҳаётини яхшилашга ҳисса қўшилди.
Хусусан, 2024 йил 10 март куни Гулистон тумани “Соҳилобод” маҳалласи фаоллари “Юксалиш” ҳаракатининг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмасига мурожаат қилиб, Сирдарё қирғоғида аҳолининг чиқиндиларни ташлаб кетиши оқибатида юзага келган экологик муаммони ҳал қилишда ёрдам сўрашди. Ҳар йили ушбу ҳудудга келувчи дам олувчиларнинг турли чиқиндиларни ташлаб кетиши, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва ёзда заҳарли ҳидларнинг тарқалиши каби муаммолар мавжуд бўлган.
2024 йил 28 март куни “Юксалиш” ҳаракати томонидан ўтказилган “Сирдарё - она дарё” акцияcи доирасида 500 метрдан ортиқ майдон чиқиндилардан тозаланди.
Шунингдек, 2024 йил апрель ойида ўтказилган Халқ депутатлари Кенгашининг навбатдаги сессиясига ушбу масала киритилди. “Соҳилобод” маҳалласидаги кўрсатилган жойга видеокамера ўрнатилиб, Экология ва атроф-муҳитни мухофаза қилиш бошқармаси ходимлари назоратига топширилди.