@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ёшлар овози муҳим: Хоразм вилоятидаги мулоқот

 2019-06-24 13:37:00   |     Просмотров: 3394

Хоразм вилоятида ЮНИCEФ ташкилоти, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида Хоразм вилояти ёшлари ва маҳаллий ҳокимият органлари вакилларииштирокида маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.Икки кун давом этган тадбир 14 ёшдан 26 ёшгача бўлган турли туманлардан саралаб олинган 39 нафар йигит-қизларни қамраб олди.

Ёшларга лойиҳа ёзиш бўйича билимларни шакллантиришга қаратилган “ақлий ҳужум”, кичик гуруҳларда ишлаш каби машғулотларни ўз ичига олган тренинглар ташкил этилди. Иштирокчилар атрофдаги тенгдошларида шижоат уйғотиш ҳамда келажакда ўз мақсадига эришиш имконини берувчи ғоялар билан ўртоқлашдилар. Улар муаммони аниқлаш, унинг асосий сабабларини белгилаб олишдан тортиб, улар каби ёшларнинг эҳтиёжларини тўлиқ қаноатлантира оладиган инновацион ечимлар таклиф этдилар. 

  • Ёшлар инновациялар ва тараққиётни илгари сурувчи кучдир, — деб ҳисоблайди ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ижтимоий сиёсат бўлим раҳбари Юлия Олейник.— Ёшларга ўз ҳаётларига тааллуқли бўлган масалалар юзасидан нуқтаи назарларини баён қилиш учун имконият ва майдонлар тақдим этилса, ҳукумат ва ҳамжамиятлар йигит-қизларни уларга тааллуқли масалаларни ҳал қилишда қўллаб-қувватласалар, ёшлар ўз ҳаётлари, оилалари ва ҳамжамиятларини янада такомиллаштиришга қодир эканликларига, Ўзбекистоннинг осуда, инклюзив ва барқарор ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкинлигига ишонадилар ва бунга ҳаракат қиладилар. Хоразм вилояти расмий вакиллари ва ёшлар ўртасидаги бугунги мулоқотнинг мақсади ҳам айнан шудир.

Йигит-қизлар тренинг давомида ишлаб чиққан лойиҳаларини Хоразм вилояти админстрацияси раҳбарияти ҳамда вазирлик ва идоралар вакиллари олдида тақдим қилдилар. 

Жумладан, иштирокчилар томонидан автобус бекатлари, аэропорт, темир йўл вокзаллари ва узоқ масофага қатновчи поезд вагонларида китоб бурчаклари ва кичик кутубхоналарни ташкил этиш орқали китоб ўқишни оммалаштиришни таклиф қилдилар. Ушбу лойиҳа Маънавият ва маърифат марказининг ҳудудий бўлинмаси томонидан қўллаб-қувватланди. 

Яна бир долзарб лойиҳа — ҳудудий ОТМ қошида карьера марказиларини ташкил қилиш. Хоразм вилояти иш билан таъминлаш бошқармаси вакиллари Урганч давлат университети негизида янги ўқув йилидан бошлаб эксперимент тариқасида талабалар ва меҳнат бозори ўртасидаги муносабатларни яқинлаштириш мақсадида эксперимент тариқасида шундай марказ ташкил этишга тайёрликларини билдирдилар.

Ҳудуддаги расмийлар шунингдек, ўсмирларнинг ота-оналари учун психологик ёрдам клубларини ташкил этиш, кўнгиллилик маданиятини мустаҳкамлаш ва дам олиш учун қўшимча жойлар ташкил этишда ёрдам беришни режалаштирмоқдалар. 

— Ушбу мулоқот ёшлар учун ҳукумат вакиллари билан фикр ва таклифлар билан бўлишиш, ташаббусларни манфаатдор томонлар учун конструктив шакллантириш ва тақдим этиш кўникмаларга эга бўлиш учун ҳақиқий имконият бўлди, — дейди “Юксалиш” умумиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов. 

— Ташкилотимизнинг асосий вазифаларидан бири бу — давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шунингдек, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг саъй-ҳаракатлари ва кучларини сафарбар этишга қаратилган. Ơйлаймизки, ҳамкорликдаги ушбу лойиҳа юртимиздаги иқтидорли ёшларнинг фикрларини ơрганишга, энг яхши таклифларни эса келгусида республика даражасида тадбиқ этишга хизмат қилади.

Икки кун давом этган мулоқот якунида иштирокчиларнинг барча таклифлари умумлаштирилиб, маҳаллий ҳокимият, мутасадди вазирлик ва идоралар вакилларига келгуси фаолиятларида фойдаланиш учун тақдим этилди.

  “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати