@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

2024 йил нимаси билан эсда қолди? Фуқаролик жамияти вакиллари нуқтаи назари

 2024-12-31 09:02:48   |     Просмотров: 2341

Ўтиб бораётган 2024 йил Ўзбекистон ҳаётида ўчмас из қолдириши, шубҳасиз. Бир йиллик муддат ичида ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги учун кўплаб салмоқли ишлар қилинди. Қуйида ўтаётган йилнинг асосий ютуқлари ва эсда қоларли воқеалари ҳақида фуқаролик жамияти вакилларининг фикрларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Сиёсий ва ижтимоий ўзгаришлар

"Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси сайловлари мамлакатнинг демократик ривожланишидаги муҳим ва салмоқли қадамлардан бири бўлди. Илк маротаба аёллар парламентда 38% ўринни эгаллади, бу гендер тенглик ва жамиятда аёллар ўрнини ошириш борасидаги ислоҳотларнинг амалдаги натижасидир", — деди “Умид” ташкилоти вакили Д. Амирқулова.

Бундан ташқари, заиф гуруҳлар ҳимоясига қаратилган бир қатор таянч қонунлар, жумладан “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва 2024 йил 10 майдаги “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилиниши, ҳимоя ордерлари тизими жорий этилиши соҳадаги муҳим ўзгаришлар сифатида эътироф этилди.

Иқтисодий ютуқлар

UzGBC вакили Алексей Светлицкий 2024 йилда 1,6 миллион одам  расман иш билан таъминланганини маълум қилди. “Муҳим қадамлардан бири бюджетдан пул оладиган ходимларнинг ойлик маошининг ортиши ва давлат тиббий суғуртасининг жорий этилиши бўлди, бу аҳолининг яшаш даражасига ижобий таъсир кўрсатди”, — қўшимча қилди у. 

Экологик ташаббуслар

Йил давомида экология соҳасида амалга оширилган диққатга сазовор ишлар қаторида жамоатчилик вакиллари ҳаво сифатини назорат қилиш ва яхшилаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ҳамда саноатда сувдан фойдаланишни 20%га тежашга эришилганини қайд этишди.  

— Бу нафақат ресурсларни оптималлаштириш, балки минтақавий ҳамкорликни қўллаб қувватлашга ҳам ердам берадиган муҳим ютуқ,  — дейди А. Светлицкий. "Экомактаб" фаоли Н. Шивалдова эса Ўзбекистон томонидан Орхусс конвенциясининг қабул қилиниши мамлакатнинг экологик очиқлик ҳамда барқарор ривожланиш тарафдори эканлигини амалда намоён этишига урғу берди.

Фуқаролик жамияти ва ёшларни қўллаб-қувватлаш

2024 йил ёшлар ва бизнесни қўллаб қувватлаш йили деб эълон қилинди. Йил давомида ёшларнинг таълим олиши ва касбий ривожланиши учун бир қатор имконият ва енгилликлар яратилди.

— Бу йил жамоатчилик ташкилотлари ва ташаббусларини фаол  жалб қилиш йили бўлди. Ўтказилган кўплаб форум ва музокаралар, “Жамоатчилик назорати” ва “Ижтимоий ҳамкорлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши шулар жумласидан, — деди "Taskin" хосписи вакили Гулзода Авазова.

Халқаро ҳамкорликдаги муваффақиятлар

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб, бошқа мамлакатлар билан алоқалар барқарор мустаҳкамланиб бормоқда. Жумладан, Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтган COP-29 анжуманида Ўзбекистоннинг иштирок этиши, энергетика бўйича йирик хорижий компаниялар билан шартномалар имзоланиши катта ютуқлардан биридир.

Алексей Светлицкийнинг айтишича, Masdar ва Aqua Power каби компаниялар билан ҳамкорлик натижасида янги электр станциялари очилди, бу ўз навбатида мамлакатнинг энергетик мустақиллигини таъминлайди. 

2024 йил Ўзбекистон учун салмоқли ижобий ўзгаришлар йили бўлди. Ва айнан фуқаролик жамияти вакиллари бу борада давлатнинг яқин ёрдамчисига айланиши, биргаликда умумий тараққиёт учун ҳаракат қилиши лозим!