@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

"Юксалиш" ҳаракати раиси Селжуклу мэри билан учрашди

 2025-02-12 09:42:23   |     Просмотров: 2522

Ўзбекистон делегацияси Туркияда ҳокимлар учун ўтказилаётган малака ошириш дастурида иштирок этмоқда. "Юксалиш" ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов ва Туркиянинг Селжуклу тумани мэри Ахмет Пекятирмачӣ ўртасидаги учрашувда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан, муниципал хизматлар сифатини ошириш ва икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари бўйича долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Маълумот: Дастлаб Самарқанд ва Конья шаҳарлари ўртасида биродар шаҳарлар мақомида ҳамкорлик тўғрисидаги протокол имзоланган эди.

11-феврал куни Селжуклу туманида бир қатор учрашувлар бўлиб ўтди. Бу туман Конья шаҳрининг марказий ҳудудларидан бири бўлиб, давлат муассасалари, университетлар ва бизнес марказлари жойлашган. Шунингдек, мебел, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ саноат фаолиятида ҳам муҳим роль ўйнайди.

Тадбир доирасида муниципал хизматларнинг таъсирчанлиги ва самарадорлиги мавзусида тақдимот намойиш этилди. Мезбон томон замонавий шаҳар бошқаруви усуллари, хизматларни рақамлаштириш, инфратузилмани яхшилаш ва фуқароларнинг турмуш даражасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

– Биз турли соҳаларда ҳамкорлик қилиш учун катта салоҳият борлигига гувоҳ бўляпмиз. Тажриба алмашиш билан чекланиб қолмай, ҳудудларимизнинг барқарор ривожланишига қаратилган қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш муҳим, – деди Бобур Бекмуродов.

Шу куннинг ўзида бошқарув вакиллари ва бизнес доиралари билан музокаралар ўтказилди. Муҳокамалар давомида савдо-иқтисодий ҳамкорлик, инвестициявий шериклик ва маданий алоқаларни ривожлантириш масалалари кун тартибига чиқди.

— Бу учрашув шаҳарларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва илғор тажриба алмашиш нуқтаи назаридан жуда самарали бўлди. Биродарлик ва дўстлик ришталаримизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилган бу муҳим ташриф учун меҳмонларимизга миннатдорлик билдираман. Ишончим комилки, ҳамкорлигимиз бундан буён ҳам кенгайишда давом этади, — деди учрашув якунида Селжуклу мери Aҳмет Пекиятирмачи.

Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси диққатга сазовор объектларни кўздан кечирди ҳамда барқарор ривожланиш, аҳоли пунктларида ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган ташаббуслар билан танишди.

Шунингдек, Селжуклу тажрибаси мисолида малака ошириш дастури иштирокчиларига чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали технологияларини жорий этиш ҳамда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш жараёнлари ҳақида маълумот берилди. Келажакда бу чора-тадбирлар атроф-муҳитга таъсир этаётган зарарни сезиларли даражада камайтиришга ёрдам беради. Қолаверса, Каратай муниципалитетида ишга туширилган арзон уй-жой дастури лойиҳаси тақдимоти намойиш этилди.

Ўзбекистон делегацияси Бейҳеким технология ва ривожланиш марказига ташриф буюриб, шаҳар шароитига мос замонавий ечимлар тақдимотининг гувоҳи бўлишди. Шу билан бирга, Селжуклу муниципалитетининг Санъат академиясида меҳмонлар таълим дастурлари, кўргазмалар ва маҳорат дарслари билан танишдилар. Ушбу тадбирлар маданий меросни асраш ва санъатни қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади.

Ташаббусларни муҳокама қилиш жараёни технологик, экологик, маданий ва ижтимоий ривожланиш соҳаларида қимматли тажриба орттириш ҳамда мутахассислар ўртасида энг яхши амалиётлар бўйича билим алмашишга хизмат қилди.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати