@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистон ва Туркиянинг яна икки шаҳри биродарлик мақомини олди

 2025-02-14 18:10:55   |     Просмотров: 3081

Ўзбекистон делегацияси Туркияда ҳокимлар малакасини ошириш дастурида иштирок этмоқда.

Унинг таркибига Турк дунёси муниципалитетлари иттифоқи аъзолари бўлган Самарқанд, Навоий, Фарғона, Шаҳрисабз ва Янги Наманган туманлари ҳокимлари киритилган. Делегацияга "Юксалиш" ҳаракати раиси, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмита раиси Бобур Бекмуродов раҳбарлик қилмоқда.

Маълумот учун: Турк дунёси муниципалитетлари иттифоқи (TDBB) 2003 йил 12 ноябрда шаҳар бошқаруви соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ташкил этилган. Тарихий, маданий ва географик алоқалар билан боғланган туркий тилли давлатлар ва ҳудудларни бирлаштирган бу ташкилот маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни амалга оширмоқда. TDBB таркибига 30 мамлакатдан тахминан 1200 муниципалитет киради.

Ташриф доирасида Шаҳрисабз ҳокими Шерзод Бўриев ва Пендик шаҳри мери Aҳмет Жин Шаҳрисабз (Ўзбекистон) ва Пендик (Туркия) ўртасида биродарлик шаҳарлари мақомида ҳамкорлик тўғрисида протокол имзолади. Ушбу ҳужжат икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга оширишга йўналтирилган.

Унга биноан томонлар иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, ёшлар ва спорт, туризм, тарихий ва маданий меросни асраш, экология, энергетика, маданият ва сан’ат, ахборот технологиялари ҳамда транспорт соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдилар.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Самарқанд ва Коня, шунингдек, Навоий ва Зейтинбурну биродарлик шаҳарларига айланган эди. Шунингдек, Селжуклу ва Гебзеда лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди ҳамда қатор учрашувлар ташкил қилинди.

Дастур тажриба алмашиш, шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш, иқтисодий ўсиш ва шаҳар ресурсларидан самарали фойдаланишнинг замонавий усулларини ўрганиш имконини берди. Улар келажакда Ўзбекистон ҳудудларида ҳам татбиқ этилиши мумкин. Бундан ташқари, ушбу ташриф икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ва икки давлат шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Шунингдек, инвесторлар ва бизнес доиралари билан ҳамкорлик ўрнатиш имконияти янги лойиҳалар ва технологияларни жалб қилиш шароитини яратади.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати