@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Япониянинг JICA ташкилоти Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда техник кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди

 2019-06-26 10:28:00   |     Просмотров: 3153

Бугун “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вакиллари Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) делегациясини қабул қилдилар. Учрашув давомида томонлар бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, хусусан суд-ҳуқуқ тизимида сўнгги йилларда эришилган ютуқларни муҳокама қилдилар.


Мулоқот аввалида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов делегация аъзоларига ташкилотнинг мақсад ва вазифалари, асосий фаолият йўналишлари ҳамда лойиҳалари ҳақида маълумот берди. Хусусан, ислоҳотларнинг амалга оширилиши жараёнини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида муҳокама қилишда фаол иштирок этиш, қабул қилинаётган қарорлар ва муҳокама жараёнларини кенг жамаотчиликка етказиш каби йўналишлардаги ишлар меҳмонларда қизиқиш уйғотди.


Ўз навбатида, япониялик мутахассислар Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни доимий кузатиб бораётганликларини билдирдилар. Жумладан, коррупцияга қарши курашиш, аёллар тенглиги масалалари юзасидан сўнгги пайтлардаги фаол ҳаракатларни олқишладилар. Шунингдек, агентликнинг Ўзбекистондаги бир неча йиллик фаолияти давомида фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш, банкротлик ва маъмурий ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш бўйича самарали натижаларга эришилганлиги меҳмонлар томонидан таъкидланди.


Дўстона руҳда кечган учрашув якунларига кўра Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги вакиллари Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимида ҳамкорлик қилишга тайёрликларини билдирдилар. Хусусан, ислоҳотлар жараёнларида япониялик мутахассисларни жалб қилиш, техник ва экспертлик кўмак кўрсатиш имкони мавжудлиги билдирилди. Ҳамкорлик доирасида мутахассислар малакасини ошириш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва турли мавзуларда тадқиқотлар ўтказиш масалалари юзасидан фикрлар алмашилди.


Таъкидлаш жоизки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалари сўнгги бор 2009 йил амалга оширилган бўлиб, бугунги кунда ушбу ҳамкорликни қайта йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.