БМТнинг “Ўзбекистонда болалар ва ёшлар учун қулай маҳаллий бошқарувни инклюзив трансформациялаш” номли қўшма дастури ишга туширилди
Бугун, 10 апрель санасида БМТ Болалар жамғармаси, БМТ Тараққиёт дастури, “Юксалиш” ҳаракати ва Ўзбекистондаги Швейцария элчихонасининг вакили бўлган Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги биргаликда “Ўзбекистонда болалар ва ёшлар учун қулай маҳаллий бошқарувни инклюзив трансформациялаш” номли БМТнинг қўшма дастурини ишга туширди.
Ушбу тадбирда ҳукумат расмийлари, ривожланиш бўйича халқаро хамкорлар, фуқаролик жамияти вакиллари ва ёшлар иштирок этдилар.
Қўшма дастур 2022-2023 йилларда олтита шаҳарда муваффақиятли синовдан ўтказилган “Болалар ва ёшлар учун дўстона маҳаллий бошқарув” ташаббусининг тажрибасига таянган ҳолда амалга оширилмоқда. Мазкур ташаббус қарор қабул қилиш ҳамда ижтимоий хизматларни тақдим этишда ёшларининг иштироки ижобий натижалар беришини намоён этди. Хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлиги, экологик ташаббуслар ва ногиронлиги бўлган ёшларга хизмат кўрсатиш яхшиланди.
Дастур Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм ва Тошкент вилоятларининг 12 та туманида турли хил ижтимоий-иқтисодий шароитларга эга ва маҳаллий хизмат кўрсатишни яхшилашга муҳтож бўлган кўплаб заиф гуруҳлар истиқомат қиладиган маҳаллий жамоалар ва ҳудудлаога эътибор қаратган ҳолда Швейцария ҳукуматининг 2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ҳиссаси билан амалга оширилади.
Мамлакатимиздаги ислоҳотлар “Ўзбекистон – 2030” стратегияси, миллий Барқарор ривожланиш мақсадлари, Ёшлар стратегияси ва мамлакатнинг болалар ҳуқуқларига содиқ эканлигига асосланиб, инклюзивлик ва тенгликка эътибор қаратган ҳолда бошқарувни кучайтириш ҳамда ижтимоий ва давлат хизматларини кўрсатишни такомиллаштиришга қаратилган. Ушбу миллий устувор мақсадларга мувофиқ равишда, БМТнинг қўшма дастури инклюзив, ҳисобдор, натижага йўналтирилган ва ҳозиржавоб маҳаллий бошқарувни илгари суради. У болалар ва ёшларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнларида фаол иштирок этишини қўллаб-қувватлайди ва уларнинг сифатли маҳаллий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.
Янги қўшма дастур вилоятлар даражасида натижаларга асосланган бошқарув ва бюджетлаштириш соҳасидаги қонунчилик ва институционал базани такомиллаштиришга қаратилган. Бу маҳаллий ҳокимият органларига ресурсларни маҳаллий устувор мақсадларга ҳамда ёшлар ва болалар эҳтиёжларига мувофиқ янада самарали, шаффоф ва ҳисобот бериш асосида режалаштириш, тақсимлаш ва назорат қилиш имконини беради. Далилларга асосланган қарорлар қабул қилиш, иштирокни режалаштириш ва самарадорликни мониторинг қилиш кўникмалари ва тизимларини шакллантириш орқали ушбу дастур давлат инвестициялари болалар, ўсмирлар ва уларнинг оилалари учун яхшиланган натижаларга айланишини таъминлашга ёрдам беради. Ушбу саъй-ҳаракатлар давлат ва ижтимоий хизматларни янада адолатли ва самарали бўлишига ҳисса қўшиб, Ўзбекистоннинг кенг ислоҳотлар кун тартибини ва узоқ муддатли барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлайди.
Дастур янада инклюзив ва самарали маҳаллий бошқарувни қўллаб-қувватлаш учун жаҳоннинг илғор тажрибаларидан фойдаланади. У маҳаллий ҳокимият органларига натижаларга асосланган режалаштиришни татбиқ қилишга, қарорлар қабул қилишда ёшлар иштирокини кучайтиришга ва давлат хизматчиларининг инклюзив бошқарув бўйича кўникмаларини шакллантиришга ёрдам беради.