“Юксалиш” ҳаракати ва Юридик техникум ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
2025 йил 26 июн куни Қашқадарё вилоятидаги Юридик техникумда “Ўзбекистонда инклюзив жамият ривожи учун фуқаролик жамиятининг имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида учрашув бўлиб ўтди. Мазкур лойиҳа “Юксалиш” ҳаракати ва Конрад Aденауер жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.
Учрашув давомида томонлар лойиҳанинг асосий йўналишлари, ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, инклюзивликни тарғиб қилиш ва фуқаролик жамияти институтлари билан самарали алоқаларни йўлга қўйиш бўйича фикр алмашди. Мулоқот чоғида лойиҳа доирасида маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва таъсирчан ўқув дастурларини ишлаб чиқиш бўйича режа ва таклифлар илгари сурилди.
Тадбир якунида “Юксалиш” ҳаракати ва Юридик техникум ўртасида ўзаро англашув ва барқарор ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжат ёшлар ва мутахассислар иштирокида ҳуқуқий тренинглар, амалий машғулотлар ва ҳуқуқий клиникалар фаолиятини кенгайтириш, шунингдек, фуқаролик жамияти билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишни назарда тутади.