@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда ногиронлиги бўлган ёшлар билан ишлаш: тажриба ва натижа

 2025-07-03 14:21:56   |     Просмотров: 2444

2025 йил 2 июл куни “Юксалиш” ҳаракати, “Умидворлик” маркази ва Германиянинг SODI ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилган “Ижтимоий ҳимояга муҳтож, қийин вазиятда қолган ва ногиронлиги бўлган ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий инклюзияси” лойиҳаси якунларига бағишланган конференция бўлиб ўтди.

Лойиҳа 2023–2025 йилларда Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги (BMZ) кўмагида амалга оширилиб, Тошкент шаҳрида “Ёшлар ижтимоий маркази” фаолияти йўлга қўйилди. Мақсад — 18–35 ёшдаги ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг ҳуқуқий, психологик, касбий салоҳиятини ошириш ва уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш.

Йиғилишда давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг фаолияти қайд этилди. Мамлакатимизда ёшлар манфаатларини ҳимоя қилувчи 830 дан ортиқ ННТлар фаолият юритаётгани алоҳида таъкидланди.

“Юксалиш” ҳаракати вакили Саида Мустафаева лойиҳанинг аҳамияти ҳақида гапирди ва бу турдаги фаолияти тизимли ҳамда давомий ёндашувни талаб қилишини таъкидлади. — Инклюзив жамиятни барпо этиш бутун давлат сиёсатининг муҳим йўналишидир, — деди у.  

Марказда ёшлар учун электрон савдо, маркетплейсларда ишлаш бўйича курслар ташкил этилди. Aйрим иштирокчилар шу курслар ёрдамида ўз бизнесини бошлаб, мустақил даромад топмоқда. Бу, ўз навбатида, уларнинг оиласида иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Лойиҳа доирасида ёшларга психолог, ижтимоий юрист, бизнес тренер каби мутахассислардан бепул хизмат кўрсатилди. 1036 киши хизматлардан фойдаланди, 800 нафарга индивидуал маслаҳат берилди, 365 киши семинар ва тренингларда қатнашди, 130 киши ҳунармандчилик устахонасида кўникма олди, 88 нафар талаба-волонтёр тайёргарликдан ўтди.

Ёшлар орасида уй-жойли бўлганлар, касб эгаллаб иш бошлаганлар ҳам бор.

— Биз лойиҳа орқали ижтимоий ёрдам тизимига методик ёндашув олиб кирдик. Қийин вазиятда қолганларга психологик, юридик ва ижтимоий маслаҳат бериш – катта меҳнат, лекин бу ишлар натижа бераётганини кўриб турибмиз, — деди SODI ташкилоти вакили Улрике Пуш.

Тадбирда лойиҳани амалга оширишда фаол иштирок этганларга ташаккурномалар топширилди. Aнжуман қатнашчиларига лойиҳа натижалари асосида тайёрланган методик қўлланма тарқатилди. Уни “Юксалиш” сайтидан юклаб олиш мумкин.

Бу каби ташаббуслар – қийин ҳаётий вазиятда қолган ёшларга ишонч ва имконият бериш, жамиятда ўз ўрнини топишга ёрдамлашиш йўлидаги муҳим қадамдир.