“Юксалиш” ҳаракатида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
2026 йил 6 апрел куни “Юксалиш” ҳаракати офисида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили, элчи Антти Карттунен ҳамда ташкилотнинг лойиҳа координатори Жоърабек Омонов билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув “Юксалиш” фаолияти билан танишиш ва икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда “Юксалиш” ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов ташкилот фаолияти, хусусан, янги ташкил этилаётган Тадқиқот маркази, миллий даражадаги таҳлилий ташаббуслар ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакили Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг самарадорлигини баҳолашда ишончли ва холис маълумотларнинг аҳамиятини таъкидлади. Шунингдек, Тадқиқот марказининг методологияси ва ҳамкорлик имкониятларига қизиқиш билдирилди.
Музокараларда сиёсий жараёнларда фуқаролар, айниқса ёшлар иштирокини кенгайтириш, жамоатчилик билан мулоқотни кучайтириш ҳамда маҳаллий бошқарув жараёнларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ёшларни, айниқса чекка ҳудудлардаги ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш муҳимлигини таъкидладилар.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни кенгайтириш ва фуқаролик жамияти иштирокида ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар.