@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

МАРКАЗИЙ ОСИЁ ЭКОЛОГЛАРИ ВА ЭКО-ФАОЛЛАРИ ФОРУМИ ЎТКАЗИЛДИ

 2026-04-09 15:17:35   |     Просмотров: 1292

2026-йил 8-апрел куни Тошкент шаҳрида “Атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий механизмлари” мавзусига бағишланган Марказий Осиё экологлари ва эко-фаоллари форуми бўлиб ўтди. Тадбир “Юксалиш” ҳаракати ва Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) томонидан гибрид форматда ташкил этилди.

Форумда экология соҳасидаги ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича давлат сиёсати, шунингдек, фуқаролик жамияти ва экспертлар ҳамкорлигини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирнинг очилиш қисмида “Юксалиш” ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси қўмита раиси Бобур Бекмуродов, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси Абдушукур Ҳамзаев ҳамда Греен Университй ректори Бахтиёр Пўлатов кириш сўзлари билан иштирок этдилар. Улар экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш ҳамда жамоатчилик иштирокини кенгайтиришнинг долзарб аҳамиятини таъкидладилар.

Шундан сўнг, панел сессияси доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистондан етакчи экспертлар экологик сиёсат, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, “яшил” шаҳарлар ривожи ҳамда жамоатчилик иштирокини кучайтириш механизмлари бўйича ўз маърузаларини тақдим этдилар.

Шунингдек, Қозоғистонлик мутахассислар томонидан экологик қарорлар қабул қилишда жамоатчилик иштироки, шаҳар экологияси, ҳаво сифати ва эко-стартапларни ривожлантириш бўйича илғор тажрибалар билан ўртоқлашилди.

Иккинчи сессияда экологик ҳуқуқбузарликлар, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, суд амалиёти ҳамда экологик инвестицияларни ривожлантириш каби масалалар бўйича амалий мисоллар асосида таҳлиллар тақдим этилди.

Форум давомида иштирокчилар ўртасида кенг муҳокамалар ўтказилди, экологик муаммоларни ҳал этишда ҳуқуқий механизмларни кучайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Якуний қисмда форум резолюцияси лойиҳаси тақдим этилиб, экология соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган тавсиялар илгари сурилди. Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳисса қўшган эко-фаоллар ва кўнгиллилар тақдирланди.

Тадбир якунида форум иштирокчилари экологик соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш бўйича келгусидаги ишлар юзасидан келишувга эришдилар.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати