@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистон - Германия ёш сиёсий етакчилари анжумани бўлиб ўтди

 2026-05-13 17:44:34   |     Просмотров: 1170

13-май куни Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатлар: замонавий ҳамкорлик ва келгуси тараққиётда ёш сиёсий раҳбарларнинг аҳамияти” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир “Юксалиш” ҳаракати, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Германиянинг Конрад Аденауер жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Мазкур халқаро мулоқот Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, янги авлод сиёсатчилари ўртасида очиқ мулоқотни ривожлантириш ҳамда рақамли трансформация шароитида замонавий сиёсий коммуникациялар бўйича тажриба алмашишни мақсад қилди. Тадбирда Германия Бундестаги аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ёшлар парламенти вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни “Юксалиш” ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов очиб бериб, бугунги кунда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади. Ёш сиёсий етакчилар ўртасидаги бевосита мулоқот, тажриба алмашиш ва парламентлараро ҳамкорлик демократик ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлашда муҳим омил эканини қайд этилди.

Давра суҳбати давомида Германия Бундестаги аъзоси Ёханнес Фолкманн ёш етакчиларнинг халқаро сиёсий жараёнлардаги роли ва Германия–Ўзбекистон алоқаларининг истиқболлари ҳақида маъруза қилди. Бундестаг аъзоси Дастин Мюллер эса технологик трансформация даврида сиёсий етакчилик, замонавий бошқарув ёндашувлари ҳамда рақамли коммуникация воситаларининг аҳамиятига тўхталди.

Мулоқот жараёнида рақамли асрда аҳоли билан самарали мулоқот олиб боришнинг замонавий механизмлари, қонун ижодкорлиги жараёнида ёшлар иштирокини кенгайтириш, икки мамлакат ёш сиёсий етакчилари ўртасида институционал ҳамкорликни кучайтириш ва алмашинув дастурларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир якунида иштирокчилар Ўзбекистонда ёшлар сиёсати ва парламентаризмни янада ривожлантириш, халқаро тажрибаларни амалиётга жорий этиш ҳамда ёш авлоднинг сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган таклифлар юзасидан фикр алмашдилар.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати