@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” ҳаракати “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор таклифларни тақдим этади

 2019-07-17 20:19:00   |     Просмотров: 3189

Маълумки, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат  Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда барча соҳалар каби таълим соҳасида ҳам муҳим ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу йўналишда узоқ вақт давомида аҳолимизни ташвишга солиб келаётган мудҳиш муаммо, яъни олий талимдаги коррупцияни бартараф этиш масаласи ҳам четда қолмади.
Хусусан, олий таълим муассасаларининг сони ва қамровининг оширилиши орқали ёшлар учун олий таълим олиш имкониятларининг кенгайтирилиши, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларини босқичма-босқич моддий рағбарлантириш чораларининг кўрилаётганлиги, олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларининг максимал даражада шаффоф ўтказишга ҳаракат қилинаётгани, олий таълим муассасаларида имтиҳонлар, курс иши, малакавий ва битирув ишларини текшириш жараёнларида нейтралликнинг таъминланаётганлиги шулар жумласидандир.
Бироқ, шу билан бирга, жамоатчилик фикрига қулоқ тутадиган бўлсак, ҳали бу соҳада коррупциоген ҳолатлар мавжудлиги, олдимизда талайгина ишлар турганлигини ва бу борада саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш лозимлигини кўриш мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг фармони билан белгилаб берилаётган эксперимент тариқасида олий таълим соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасининг жорий этилиши ва амалга оширилиши ўз вақтида бўлди ва яқин орада ўзининг ижобий самарасини кўрсатишига ишонамиз.
Шу муносабат билан, бугун Тошкент шаҳрида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда ОТМлар ректорларининг умумий йиғилиш бўлиб ўтди. Унда соҳа вакилларининг Ўзбекистон халқига мурожаати ўқиб эшиттирилди.


Тадбирда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов ҳам иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор таклифларни тақдим этди. Жумладан: 
-    ОТМ фаолиятига доир муҳим қарорларнинг муҳокамаси ва қабул қилинишида талабалар уюшмалари ва кенгашларининг иштирок этиши, шунингдек, ташкил қилинадиган турли комиссиялар ишига талабаларнинг ҳам киритилиши;
-    талабалар ва ОТМ раҳбарияти ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятини берувчи механизмларни жорий этиш (масалан, университет виртуал қабулхонаси, аноним сўров ва мурожаатлар ва ҳоказо);
-    қабул комиссиялари, аппеляция комиссиялари таркибига жамоатчилик ва ОАВ вакилларини ҳам киритиш;
-    диплом ишлари ва диссертациялар, оппонентларнинг тақризларини кенг оммага эълон қилиб борилиши (айрим ОТМларда ушбу тажриба жорий қилинган);
-    коррупцион ҳолатлар тўғрисида хабар бериш имкониятини берувчи ишонч телефонларини ишга тушириш;
-    талабаларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш;
-    жамоатчилик ташкилотлари томонидан ОТМларда коррупцияга қарши курашиш бўйича мустақил тадқиқотлар, мониторинг ва тарғибот ишлари, жамоатчилик назорати тадбирларини амалга ошириш.


“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати