@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Андижонда хавфсиз ва тартибли меҳнат миграцияси масалалари муҳокама қилинди

 2026-08-25 16:00:00   |     Просмотров: 995

2026-йил 25-август куни Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги доирасида “Юксалиш” ҳаракатининг Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан “Хавфсиз ва тартибли меҳнат миграцияси: фуқароларни хорижда муносиб иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ва устувор вазифалар” мавзусида жамоатчилик эшитуви ўтказилди.

Тадбирнинг асосий мақсади хорижда меҳнат қилиш истагидаги фуқароларни қонуний ва тартибли равишда ишга жойлаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, касбий тайёргарлигини ошириш ҳамда хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни жамоатчилик иштирокида муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Жамоатчилик эшитуви Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги доирасидаги ташаббуслар билан ҳамоҳанг бўлиб, хусусан, БРМнинг 8-мақсади – муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсишни таъминлаш, 10-мақсади – тенгсизликни қисқартириш ҳамда 16-мақсади – тинчлик, адолат ва самарали институтларни ривожлантириш тамойилларига хизмат қилади.

Эшитув давомида фуқароларни хориждаги мавжуд ва ишончли иш ўринларига ташкил этилган тартибда йўналтириш, ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш ва хорижга кетишдан аввал зарур тайёргарликдан ўтказиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Шунингдек, меҳнат мигрантларининг хорижда ишлаш давридаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур ҳуқуқий ва амалий кўмак кўрсатиш ҳамда юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарлар ҳақида олдиндан маълумот бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳокамаларда хорижий меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва мутахассисликлар бўйича фуқароларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, касбий ҳамда тил тайёргарлигини кучайтириш уларнинг муносиб ва барқарор иш топиш имкониятларини кенгайтириши таъкидланди.

Тадбир иштирокчиларига хорижга қонуний ва ташкил этилган тартибда кетаётган фуқаролар учун ажратилаётган субсидия ва компенсациялар, мавжуд имкониятлардан фойдаланиш тартиби ҳамда хавфсиз меҳнат миграциясининг асосий талаблари юзасидан тушунтиришлар берилди.

Эшитувда фуқароларнинг фақат текширилган ва қонуний каналлар орқали ишга жойлашиши, меҳнат шартномаси шартлари билан олдиндан танишиши, шахсий ва меҳнат ҳужжатларини тўғри расмийлаштириши ҳамда ўз ҳуқуқларини билиши муҳим экани қайд этилди.

Жамоатчилик эшитуви давомида иштирокчилар соҳада учраётган муаммолар, мавжуд имкониятлар ва меҳнат миграцияси тизимини янада такомиллаштириш юзасидан ўз фикр ҳамда таклифларини билдирди.

Тадбир якунида билдирилган фикр ва таклифларни умумлаштириш, аниқланган масалаларни ҳал этиш ҳамда хавфсиз ва тартибли меҳнат миграцияси тизимини янада ривожлантириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиши белгиланди.

Мазкур жамоатчилик эшитуви фуқароларнинг хорижда қонуний, хавфсиз ва муносиб меҳнат қилиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида хабардорлигини ошириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат органлари ва жамоатчилик ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати