@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Жамоатчилик кенгашлари учун амалий-методик қўлланма тайёрланди

 2026-09-16 11:45:15   |     Просмотров: 1003

“Юксалиш” ҳаракати томонидан Европа Иттифоқи ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича амалий-методик қўлланма ишлаб чиқилди.

Қўлланма кенгаш аъзолари учун кундалик фаолиятда фойдаланиш мумкин бўлган амалий йўриқнома сифатида тайёрланди. Унда Жамоатчилик кенгашлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари, кенгаш таркибини шакллантириш, йиллик иш режасини ишлаб чиқиш, жамоатчилик мониторинги, эшитув ва экспертизаларни ташкил этиш, аҳоли фикрини ўрганиш, давлат харидлари ва бюджет очиқлигини кузатиш, ташаббусларни илгари суриш, манфаатдор томонлар билан ишлаш ҳамда қарор қабул қилиш жараёнларида иштирок этиш механизмлари қамраб олинган.

Шунингдек, қўлланмага амалий кейслар, ҳужжат намуналари, чек-листлар, машқлар ва тестлар ҳам киритилган.

Ишлаб чиқилган қўлланма асосида амалий ўқув-семинарлар ташкил этилди. Хусусан, Бухоро шаҳрида ўтказилган тренингларда Бухоро, Учқудуқ ва Булунғур туманларидан 30 нафар, Урганч шаҳрида Янгибозор ва Тахтакўпир туманларидан 20 нафар, Фарғона шаҳрида Ўзбекистон ва Балиқчи туманларидан 19 нафар Жамоатчилик кенгаши вакиллари иштирок этди.

Жами 69 нафар иштирокчи Жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш, мониторинг ва эшитувлар ўтказиш, асосланган тавсиялар тайёрлаш ҳамда қарор қабул қилиш жараёнларида иштирок этиш бўйича амалий билим ва кўникмаларини оширди.

Шунингдек, 29 июнь – 1 июль кунлари Самарқанд шаҳрида еттита пилот тумандан 27 нафар вакил иштирокида уч кунлик Ёзги мактаб ташкил этилди. Унда маҳаллий бошқарув, давлат хизматлари, бюджет ва молиявий очиқлик, жамоатчилик назорати ҳамда маҳаллий муаммоларни таҳлил қилиш каби мавзулар атрофлича муҳокама қилинди.

Ишлаб чиқилган амалий-методик қўлланма ушбу тренинглар давомида тўпланган тажриба ва амалиётни тизимлаштирган ҳолда, Жамоатчилик кенгашларининг ҳудудларда янада фаол, очиқ ва натижага йўналтирилган фаолият юритишига хизмат қилади.

Амалий-методик қўлланмани юклаб олиш учун: ҲАВОЛА

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати