@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

en

"Юксалиш" ҳаракати Президент Қарори лойиҳаси юзасидан жамоатчилик экспертизасини ўтказди

 2019-04-10 14:19:00   |     Просмотров: 3870


“Юксалиш” ҳаракати экспертлари томонидан Тошкент шаҳар ҳокимлигида ишлаб чиқилган “Тошкент шаҳрида транспорт тизими бошқарувини такомиллаштириш ҳамда тирбандликларнинг олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори лойиҳаси  Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунининг 12-моддасига асосан фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамият манфаатларига мувофиқлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги ПФ-16-сон Фармони билан тасдиқланган Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг тўла акс эттирилганлиги, ижтимоий аҳамияти, мавжуд муаммоларни бартараф этиш даражасини аниқлаш нуқтаи назардан ўрганилди ҳамда баҳоланди. 

“ЮКСАЛИШ” ҲАРАКАТИ

“Тошкент шаҳрида транспорт тизими бошқарувини такомиллаштириш ҳамда тирбандликларнинг олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори лойиҳаси юзасидан

 

ЖАМОАТЧИЛИК ЭКСПЕРТИЗАСИ ХУЛОСАСИ

   Экспертлар: А.Маматханов - ҳуқуқшунос, жамоатчилик назорати соҳасидаги фаолияти 7 йил;

                      У.Ражабов-иқтисодчи, жамоатчилик назорати соҳасидаги фаолияти 5 йил;

                      Д.Лютфиддинов – социолог, жамоатчилик назорати соҳасидаги фаолияти 4 йил. 

                      И.Солиев - урбанист,  "Archemistry" блоги муаллифи, соҳадаги фаолияти 7 йил.

                      Т.Турдиалиева - архитектор, меъморчилик соҳасидаги фаолияти 8 йил. 

 

Тошкент шаҳри

2025 йил апрель


Кириш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги ПФ-16-сон Фармонининг 5-иловасига мувофиқ
“Ўзбекистон-2030” стратегиясининг Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналиши бўйича 2025 йилда ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхатининг 13-бандида Стратегиянинг 53-мақсади: Ўзбекистон Республикасининг глобал транспорт-логистика тармоқларига интеграциясини чуқурлаштириш ва миллий транспорт тизимининг салоҳиятини ошириш доирасида “Тошкент шаҳрида самарали транспорт бошқаруви тизимини ташкил этиш ва тирбандликларнинг олдини олиш бўйича сифат жиҳатдан янги тизимни яратиш чора-тадбирлари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш” вазифаси белгиланган.

Лойиҳани ишлаб чиқиш учун асосий ижрочи Транспорт вазирлиги ва ҳамижрочилар Тошкент шаҳри ҳокимлиги, Ички ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўрсатилган. 

Вазифани амалга ошириш муддати - 2025 йил март.

Лойиҳада:

Тошкент шаҳрининг транспорт инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тартиби;

Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини илмий ёндашув ҳамда илғор хорижий тажриба асосида ташкил этиш бўйича замонавий техник ечимларни ишлаб чиқиш орқали транспорт оқимини самарали бошқариш ва тирбандликнинг олдини олишга қаратилган тадқиқотларни амалга ошириш;

жамоат транспорти ҳаракатини ташкил этиш ва тартибга солиш, унинг жозибадорлигини ошириш механизмларини ишлаб чиқиш;

Тошкент шаҳрида тирбандликларнинг олдини олиш ва йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш юзасидан ташкилий чоралар кўришга ҳамда қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш;

Тошкент шаҳри кўчаларида йўл ҳаракатини тўғри ташкил этиш, жумладан, йўл чизиқларини чизиш, йўл белгилари ва кўрсаткичларини ўрнатиш, алмаштириш, сақлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ишларини амалга ошириш, шунингдек, ушбу ишларга аутсорсинг асосида хусусий секторни жалб қилиш;

йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини таъминлашга қаратилган ахборот-тарғибот ишларини амалга ошириш, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаларининг профилактикасига қаратилган бошқа чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутиш белгилаб қўйилган.  

I. Мазкур вазифа бажарилиши юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигидан ишчи тартибда олинган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан “Тошкент шаҳрида самарали транспорт бошқаруви тизимини ташкил этиш ва тирбандликнинг олдини олиш бўйича сифат жихатдан янги тизимни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг Қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 2024 йилнинг 26 сентябрида Адлия вазирлигининг ҳуқуқий экспертизасидан ўтказилган ҳамда 19 октябрда Вазирлар Маҳкамасига киритилган. 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) эса ушбу мазмундаги лойиҳа “Тошкент шаҳрида транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш ва йўл ҳаракатини рақамли бошқариш тизимини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори лойиҳаси шаклида 2023 йилнинг 17 январидан 1 февраль кунига қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

II. Мазкур норматив ҳужжат лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида транспорт тизими бошқарувини такомиллаштириш ҳамда тирбандликларни олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори сифатида қайта ишланган. 

Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг лойиҳада акс этганлиги:

  • Тошкент шаҳрининг транспорт инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш умумий гаплар билан устувор йўналиш этиб белгиланган, бироқ уни амалга ошириш тартиби ишлаб чиқилмаган;
  • илмий ёндашув, илғор хорижий рақамли технологияларни қўллаган ҳолда Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини ташкил этишнинг замонавий техник ечимларини ишлаб чиқиш орқали транспорт оқимини самарали бошқариш ва тирбандликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш устувор йўналиш этиб белгиланган, лекин бу бўйича аниқ чоралар кўзда тутилмаган;
  • жамоат транспорти ҳаракатини ташкил этиш ва тартибга солиш, унинг жозибадорлигини ошириш устувор йўналиш этиб белгиланган, лекин аниқ вазифалар ишлаб чиқилмаган;
  • Тошкент шаҳри кўчаларида йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ўрнатиш, алмаштириш, сақлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ишларини амалга ошириш, шунингдек, ушбу ишларга аутсорсинг асосида хусусий секторни жалб қилиш устувор йўналиш этиб белгиланган, лекин ушбу вазифаларни бажариш тартиби ишлаб чиқилмаган;
  • йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишини таъминлашга қаратилган тартибот ишларини амалга ошириш устувор йўналиш этиб белгиланган, лекин ушбу вазифалар кимга юклатилиши ва қандай бажарилишининг аниқ чоралари ишлаб чиқилмаган.

Юқоридагилардан кўриш мумкинки, мавжуд ҳужжат лойиҳасига Давлат дастурига киритилган вазифаларни кўчириб қўйиш йўли билан ҳужжат қайта ишланган. Жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилмаган.

III. Лойиҳага мавзуга тааллуқли бўлмаган масалалар киритилган.  Хусусан:

  1. қуйидаги мақсадлардаги маъмурий видеокузатув тизимларини:
  • ободонлаштириш ва қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонун бузилишларни автоматик қайд этиш;
  • ободонлаштириш жараёнларини, шу жумладан, маҳсус техникалар ҳамда коммунал хизматлар, бошқарув сервис компаниялари ишларини бошқариш ва назорат қилишни автоматлаштириш;
  • тозалаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари режаларининг шакллантирилишини ҳамда бажарилган ишлар ҳажмларини тасдиқланишини ("инсон омили"ни истисно қилган ҳолда) автоматлаштириш;
  • маҳалла ҳудудида гиёхданд моддалар тарқатилишини олдини олишга кўмаклашиш;
  1. қуйидаги мақсадлардаги рақамли видеодомофон тизимларини:
  • турар жойлар бинолари атрофини назорат қилиш;
  • аҳолини тезкор хабардор қилиш ва тўғридан-тўғри қайта алоқани йулга қўйиш учун қўшимча канал яратиш;
  • коммунал хизматлар ҳамда бошқарув компаниялари ишлари "шаффофлиги"ни таъминлаш, мавжуд муаммоларни тезкор ҳал қилиш ҳисобига аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш;
  1.  диспетчерлик марказини ўз ичига олувчи қуйидаги вазифаларга йўналтирилган ягона шаҳар платформасини:
  • маҳаллалар ҳудудлари ҳолатини тезкор мониторинг қилиш ва ҳудудларга хизмат кўрсатилиши устидан назорат қилиш;
  • "маълумотлар базаси" ("big data") таҳлили ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш ҳисобига ободонлаштириш соҳасини бошқариш сифатини ошириш;
  • маҳаллалар ва бошқарув компаниялари рейтингини шакллантириш;
  • ҳалқаро тажриба асосида, майда қоидабузарлик содир этганлик учун жарималар микдорларини камайтирган ҳолда, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ қоидабузарликлар турларини кенгайтириш;

Ушбу масалалар транспорт инфратузилмаси ва бошқарувини яхшилаш ҳамда тирбандликни олдини олиш борасидаги муаммоларни бартараф этишга қаратилмаган.

IV. Лойиҳага кўра, ташкил этилаётган Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази масъулияти чекланган жамият ташкилий-ҳуқуқий шаклидаги тадбиркорлик субъекти бўлса-да, унга ҳуқуқий давлат тамойилларига ҳамда бугунги кунда амалга оширилаётган иқтисодиётда давлат улушини қисқартиришга қаратилган сиёсатга зид равишда қатор эксклюзив давлат функциялари вазифа сифатида юклатилмоқда. Хусусан:

  • илғор халқаро тажрибага асосланган шаҳар автомобиль йўллари тармоғи, кўчалар ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, амалиётга татбиқ этиш ва самарадорлигини баҳолаш;
  • йўл ва транспорт соҳаларидаги барча объектлар ҳамда жараёнлар тўғрисидаги ягона маълумотлар базасини, шу жумладан, Тошкент шаҳрининг транспорт Бош режасини яратиш ва улар асосида шаҳар йўл ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш;
  • энг яхши ҳалқаро амалиётларни қўллаш орқали йул ва транспорт соҳалари, шу жумладан, шаҳар жамоат транспорти билан боғлиқ бўлган барча муассаса ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • жамоат транспорти жозибадорлигини ошириш, шахсий автотранспорт воситаларидан фойдаланишни камайтириш ва аҳоли микромобиллигини қўллаб-қувватлаш орқали экологик вазиятни яхшилаш;
  • йўл ва транспорт соҳасига хусусий секторни кенг жалб қилиш, транспорт воситаларининг вақтинчалик ва узоқ муддатли тўхтаб туриш жойлари, автобус бекатларини ташкил этиш ва эксплуатация қилиш лойиҳаларини ўз ичига олган инвестиция лойиҳалари ҳамда давлат хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишни рағбатлантириш;
  • йўл-қурилиш, ободонлаштириш ва коммунал хизмат корхоналарининг махсус техникалари ҳаракатланиши, бажарган ишлари ва бошқа маълумотларни Тошкент шаҳрининг Интеллектуал транспорт тизимига (кейинги ўринларда — Интеллектуал транспорт тизими) интеграция қилиш ва таҳлил қилиш орқали транспорт ишларининг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш ҳисобига бюджет маблағлари сарфланиши самарадорлигини ошириш.

 

Тадбиркорлик субъектига ушбу вазифаларнинг юклатилиши соҳада қўшимча бюрократиянинг пайдо бўлиши, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги рақобатга салбий таъсир ўтказилиши, шахсий автотранспорт воситалари эгалари ҳуқуқларининг чекланиши ҳамда мазкур ташкилот жамоатчилик томонидан янги квазидавлат органи сифатида салбий баҳоланишига олиб келиши мумкин. 

Юқоридаги вазифаларнинг юклатилиши ҳамда вазирлик ва идораларнинг соҳага оид бир қатор функциялари ўтказилишини ҳисобга олиб, мазкур ташкилот давлат идораси шаклида ташкил этилиши мақсадга мувофиқ.

Маълумот учун: Москва шаҳри бўйича йўл ҳаракатини ташкил этиш стратегиясини жорий этишни мувофиқлаштириш бўйича 1999 йилда алоҳида давлат муассасаси (Центр организации дорожного движения) ташкил этилган. Ушбу ташкилот транспорт оқимлари, уларни моделлаштириш, пиёдалар оқимлари, йўл-транспорт ҳодисалари статистикаси, оқимлар ҳажмидан келиб чиқувчи экологик хавфларни ўрганиш, парковка нормативлари, янги схема ва меъёрлар, стратегиялар ишлаб чиқиш ва жорий этиш, кўчаларни таъмирлаш лойиҳалари бўйича экспертиза ўтказиш, жамоат транспорти йўналишларини мувофиқлаштириш билан шуғулланади. Бундан ташқари, ушбу ташкилот ходимлари парковка тартибларини бузганларга жарима ёзиш ваколатига ҳам эга.

Лойиҳада Марказда қарорлар қабул қилиш ваколати, ҳисобдорлик ва бошқарув қандай ташкил этилиши белгиланмаган. 

Бу билан марказ аниқ мазмунга эга бўлмаган расмий восита бўлиши ҳақида тасаввур келиб чиқади.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги таркибий тузилмасига ҳокимнинг транспорт ва алоқа масалалари бўйича ўринбосари лавозимини киритиш, шунингдек, 5 штат бирлиги умумий чекланган бошқарув таркиби билан Транспорт тизимини самарали ташкил этишни таъминлаш бўйича котибият шакллантириш кўзда тутилган.

Тошкент шаҳрида йўл ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва тартибга солиш бўйича алоҳида ташкилот тузилаётган бир пайтда бу бўйича ҳокимликда алоҳида мансабдорлик  лавозимларининг жорий этилиши жамоатчилик томонидан соҳада қўшимча бюрократик тўсиқлар яратилишига шароит келтириб чиқариши нуқтаи назаридан салбий қабул қилиниши мумкин. Бюрократик тўсиқлар мавжуд бўлганда эса, коррупциоген хавфларнинг келиб чиқиш эҳтимоли ортади. 

 

V. Лойиҳада коррупциоген хатарларни келтириб чиқариши мумкин бўлган нормалар мавжуд. Хусусан:

қуйидагилар Марказ билан келишилган ҳолда амалга оширилади:

  • жамоат транспорти инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситаларига реклама ҳамда ахборот объектларини, реклама конструкциялари ва бошқа реклама воситалари жойлаштирилишининг "дизайн-код"га мувофиқлигини;
  • кўприклар ва йўл ўтказгичлар, йўллар, кўчалар, темир йўл кесишмалари, шунингдек, ер усти йўловчи транспорти бекатлари, транспорт воситаларининг вақтинчалик ва доимий тўхтаб туриш жойлари ҳамда йўл буйи минтақасида жойлашган автомобилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчалари, электромобиллар учун қувватлаш станциялари, реклама ҳамда бошқа конструкцияларни жойлаштириш объектларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш лойиҳаларини шаҳардаги йўл ҳаракатига таъсири юзасидан.

...

Мазкур банднинг иккинчи хатбошида назарда тутилган давлат буюртмачилари пудратчилар билан тузган шартномалар бўйича транспорт ишларини қабул қилиш ва унга ҳақ тўлаш бажарилган ишлар ҳажми Марказ томонидан тасдиқланганидан сўнг амалга оширилади. Бунда, давлат буюртмачилари Марказ билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишига йўл қўйилади;

 

Юқоридаги ишларни келишиш ва тасдиқлашнинг аниқ тартиби белгиланмаганлиги, инсон омилига боғлиқлик даражаси юқорилиги коррупцион хавфларни келтириб чиқариши мумкин. 

 

VI.  Лойиҳада масъулияти чекланган жамият шаклидаги Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази устав капиталининг дастлабки миқдори 90 миллиард сўмни ташкил этади ҳамда шундан:

50 миллиард сўм Ўзбекистан Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига бир йиллик муддатга тақдим қилинган сумма ҳисобидан шаклланади;

40 миллиард сўм Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан шаклланади деб белгиланган.

Мазкур маблағлар сафланишининг аниқ йўналишлари ва тартиби, ҳисобдорлик, назорат механизмларининг белгиланмаганлиги маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши хавфини келтириб чиқариши мумкин.

 

VII. Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйидагилар тавсия этилади:

  • норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Давлат дастурида белгиланган вазифаларга тўла мослаштириш;
  • лойиҳани ҳуқуқий экспертизадан қайта ўтказиш;
  • лойиҳани коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш; 
  • Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини ташкил этиш марказини давлат идораси шаклида ташкил этиш ва аниқ фукнкцияларини ҳамда бошқа давлат идоралари билан ҳамкорлик механизмларини белгилаш;
  • Марказнинг тузилмасини тасдиқлаш;
  • Тошкент шаҳрида транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва тирбандликни олдини олишга қаратилган 4 та устувор йўналишлар, яъни пиёдалар ва велосипедлар, жамоат транспорти, каршеринг ва тўхтаб туриш жойларининг рақамлаштирилиши борасида аниқ ва самарали чора-тадбирлар ҳамда тартибларни акс эттирувчи стратегия ишлаб чиқиш;
  • рақамлаштиришни янги тизимнинг асоси сифатида белгилаш;  
  • мазкур жараёнларда давлат иштирокини камайтириш орқали очиқ ва шаффоф ҳамда рақобатга асосланган механизмлар орқали хусусий сектор иштирокини кенгайтириш;
  • маблағларнинг сарфланишида очиқ, шаффоф ва холис танловлар ўтказилишини таъминловчи нормалар киритиш;
  • самарали жамоатчилик назорати ўрнатилишини таъминловчи нормалар киритиш.

 

VIII. Хулоса 

Тошкент шаҳри — мамлакатнинг иқтисодий маркази бўлганлиги боис, унинг транспорт инфратузилмасини яхшилаш нафақат шаҳар, балки бутун республика аҳолиси ва ресурсларининг мобиллигини
ва хавфсиз ҳаракатини таъминлаш учун муҳим. 

Тошкент шаҳрида транспорт инфратузилмасини яхшилаш ва тирбандликнинг олдини олишнинг стратегик аҳамияти юқори бўлиб, бу борадаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори ижобий ижтимоий, иқтисодий ва экологик натижаларга олиб келади.

Бироқ, ҳаракатланишнинг муқобил ечимлари ва имкониятлари учун қулай инфратузилма яратилмаса, одамлар шахсий автотранспортдан воз кечмайди. 

Қарорнинг тўлиқ ва самарали амалга оширилиши учун зарур ҳуқуқий ва техник асослар яратиш, барча ижтимоий гуруҳлар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳисобга олиш, қўшимча бюрократик тўсиқлар ҳамда коррупциоген хавфлар келиб чиқишининг олдини олиш, жамоатчилик назоратининг самарали механизмларини жорий этиш мақсадга мувофиқ. 

Ҳужжатни юклаб олиш